Президент томонидан 23.01.2023 йилдаги “Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-14-сон Фармон имзоланди.
Ҳужжат билан республика ижро этувчи ҳокимият органлари – вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекциялар (кейинги ўринларда – вазирлик ва идоралар) ҳамда уларга тегишли ҳудудий ва туман (шаҳар) бўлинмаларининг Давлат бюджети ҳамда бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган жами бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони тасдиқланди – 56 573 штат бирлиги.
Маълумот учун: вазирлик ва идоралар тизимида жами 17 447 та штат бирликлари қисқартирилмоқда.
Эндиликда вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобидан қўшимча бошқарув штат бирликларини киритиш тақиқланмоқда.
Бундан ташқари, Республика ижро этувчи ҳокимият органлари – вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекцияларнинг ягона рўйхати тасдиқланмоқда.
Маълумот учун: ягона рўйхат 69 та бирликдан иборат, шундан:
- вазирликлар – 21 та;
- қўмиталар – 12 та, шундан алоҳида мақомга эга мустақил қўмиталар – 2 та;
- агентликлар– 25 та, шундан алоҳида мақомга эга мустақил қўмиталар – 3 та;
- инспекциялар – 11 та
Шунингдек, юридик мақомга эга бўлган жамғармалар ижро этувчи органларининг (дирекциялар, бошқарув қўмиталари ва департаментлари ҳамда бошқалар) фаолиятини тугатиш, уларнинг функцияларини тегишли вазирлик ва идораларга ўтказиш режалаштирилмоқда.
Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.01.2023 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев.