Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzЧем отличаются правила начисления амортизации в целях бухучета и налогообложения К каким видам доходов можно применить льготу по налогу на прибыль участникам СЭЗ Как использовать гарантийное удержание в хозяйственных договорах

Ёқилғи-энергия ресурслари устидан давлат назорати кучайтирилади

16.02.2023

Читать на русском языке

Президентнинг 13.02.2023 йилдаги “Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-54-сон қарори қабул қилинди.

 

Президентнинг 2022 йил 21 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–269-сон Фармонига мувофиқ Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ташкил этилган. Ўзэнергоинспекция фаолиятининг устувор йўналишлари белгиланди:

  • ёқилғи-энергия ресурсларини ишлаб чиқариш (қазиб чиқариш), қайта ишлаш, узатиш (ташиш), тақсимлаш ва истеъмол қилиш, уларнинг сифат ва миқдор жиҳатидан сақланишини таъминлаш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
  • электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, ёқилғи-энергия ресурсларини талон-тарож қилиш ва ноқонуний истеъмол қилишнинг бошқа ҳолатларини, шунингдек, уларни содир этишга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш;
  • бевосита истеъмолчилар томонидан фойдаланилган ҳамда тегишли ҳудудлар чегарасидаги тармоқларга етказиб берилган ёқилғи-энергия ресурслари ҳажми ўртасидаги тафовутларни аниқлаш ва бартараф этиш;
  • юридик ва жисмоний шахслар томонидан (аҳолидан ташқари) энергетика объектларида бахтсиз ҳодисалар ва технологик бузилишлар (авариялар)нинг олдини олиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилиши ва унинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш;
  • қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ҳамда энергия самарадор ва энергия тежовчи замонавий технологияларни жорий қилиш, шунингдек, энергия ресурсларини истеъмол қилиш самарадорлигининг мониторингини олиб бориш;
  • истеъмолчилар (аҳолидан ташқари) томонидан бажариладиган чора-тадбирларнинг энергия самарадорлигини баҳолаш.

 

Ўзэнергоинспекция ходимлари хизмат гувоҳномалари бўлган тақдирда, сутканинг исталган вақтида истеъмолчиларнинг ёқилғи-энергия ресурсларини ҳисобга олиш ускуналари кўрсаткичларини ёзиб олиш ва уларнинг ҳолати, уланиш схемалари ва қурилмаларини кўрикдан ўтказиш учун ҳисобга олиш ускуналари, схемалари ҳамда қурилмаларини тўсқинликсиз бориб кўришга ҳақли.

 

Ҳужжат билан Бош прокурорнинг ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида қонунчиликка риоя этилиши ва унинг ижроси устидан назоратни амалга оширишга масъул бўлган ўринбосари лавозими киритилмоқда.

 

Ёқилғи-энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш ва бу борадаги жараёнларни рақамлаштириш мақсадида мавжуд электр ва газ тармоқлари ҳамда қурилмаларининг юкламаси белгиланган меъёрдан ошган тақдирда, уларга янги истеъмолчиларни улаш қатъиян тақиқланади.

 

2023 йил 1 мартдан бошлаб:

  • назорат тадбирларини амалга оширишда тафовутларни аниқлаш мақсадида Ўзэнергоинспекцияга “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖларнинг электр энергияси ва табиий газни назорат қилиш ҳамда ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларидаги ёқилғи-энергия ресурслари истеъмоли тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланиш имконияти яратилади;
  • электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик бўйича тузилган далолатномаларни электрон шаклда расмийлаштириш ва тегишли маълумотларни “E-ma'muriy ish” тизимига киритиш тартиби жорий этилади.

 

2023 йил 1 июлдан бошлаб юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар билан электр энергияси ҳамда табиий газни етказиб бериш бўйича шартномалар электр ва газ таъминоти корхоналарининг дастурий таъминоти ёхуд "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизими орқали электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда тузилади.

 

Бунда мазкур тартиб юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун ёқилғи-энергия ресурслари истеъмоли бўйича лимитларни белгилаш ва уларга ўзгартиришлар киритишга ҳам татбиқ этилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 15.02.2023 йилдан кучга кирди.


Лола Абдуазимова.