2023 йил 1 майдан бошлаб “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган жисмоний шахслар чакана савдо объектларидан айрим товарларни сотиб олганда харид суммасидан 1% миқдоридаги кешбэк ўрнига, 12% миқдорида тўланган ҚҚС суммаси қайтарилади.
ҚҚС қайтариб бериладиган товарлар рўйхати:
- қўй гўшти;
- парранда гўшти;
- мол гўшти;
- тухум;
- ўсимлик ёғи.
ҚҚСни қайтариб олиш учун “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган истеъмолчи “Soliq” мобиль иловасини юклаб олиб, FACE ID орқали рўйхатдан ўтиши ҳамда иловада харид чекининг QR-кодини сканер қилиши лозим.
ҚҚСни қайтаришда:
- сотиб олинган товар ҚҚС қайтариладиган товарлар рўйхатига киритилганлиги;
- харидор “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилганлиги;
- тадбиркор ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтганлиги инобатга олинади.
Агар реестрга киритилган истеъмолчи:
- ҚҚС қайтариладиган товарлар билан бирга бошқа турдаги товарларни харид қилиб чекни рўйхатдан ўтказса, ҚҚС қайтариладиган товарлар учун 12%, бошқа турдаги товарлар учун 1% кешбэкка эга бўлади;
- ҚҚС тўловчиси бўлмаган тадбиркорлик субъектидан ҚҚС қайтариладиган товарлар сотиб олса, унга 1% кешбэк қайтарилади.
ҚҚС суммаси чек рўйхатдан ўтказилган ойдан кейин ойнинг 25 санасидан сўнг “Soliq” мобиль иловаси орқали тўлаб берилади.