Президент томонидан 10.04.2023 йилдаги “Ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш тўғрисида”ги Қарор имзоланди.
Ижтимоий соҳа объектларидаги иситиш тизимларининг куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида, республика худудларидаги давлат ижтимоий соҳа объектлари давлат-хусусий шериклик лойиҳалари доирасида кўмир ёқилғисига ўтказилади.
Шунингдек, давлат ижтимоий соҳа объектлари бўйича 2023 йилда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимларни имзолаш режаси тасдиқланмоқда.
Лойиҳалар доирасида давлат шериклари сифатида туман (шаҳар) ҳокимликлари иштирок этади; хусусий шериклар тендер ва (ёки) энг яхши таклифни танлаб олиш йўли орқали туман (шаҳар) депутатлар Кенгашлари қарорлари асосида танлаб олинади.
Хусусий шерикларга қуйидаги талаблар ўрнатилмоқда:
- хусусий шериклар маблағларининг улуши камида 50 % бўлиши;
- хусусий шериклар томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун харажатлар миқдори маҳаллий бюджет параметрларида ушбу мақсадлар учун кўзда тутилган маблағларга нисбатан кам бўлиши;
- хусусий шерикларнинг солиқ тўловчи сифатида ишончли бўлиши ва охирги йилда товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олган жами даромади 3 млрд сўмдан кам бўлмаслиги.
Давлат-хусусий шериклик асосида иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш учун жами 500 млрд сўм ажратилади.
Иситиш қозонлари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, хориждан олиб келинадиган (импорт қилинадиган), республикада ишлаб чиқарилмайдиган айрим товарлар 2025 йилнинг 1 январига қадар божхона божидан озод қилинади. Товарлар рўйхати Энергетика вазирлиги томонидан ишлаб чиқарувчилар билан биргаликда шакллантирилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги лойиҳалар бўйича тасдиқланган давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимларда белгиланган самарадорлик кўрсаткичлари бажарилиши юзасидан доимий мониторингни амалга ошириб боради. Мониторинг натижасида аниқланган камчиликлар учун учун битимни бекор қилишгача бўлган жазо чоралари қўлланилади.
Собир Нурбердиев.