Президент томонидан 06.05.2023 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-838-сон Конституциявий Қонун имзоланди.
Ҳужжатга мувофиқ Сайлов кодексига қуйидаги ўзгартиришлар киритилмоқда:
- оғир ёки ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар вилоят, туман, шаҳар, округ ва участка сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас;
- Қонунчилик палатаси Президент томонидан тарқатиб юборилган тақдирда, Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлови 3 ой ичида ўтказилади;
- Қонунчилик палатаси томонидан ўзини ўзи тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлови 2 ой ичида ўтказилади;
- Сенат Президент томонидан тарқатиб юборилган тақдирда, Сенат аъзоларининг сайлови 3 ой ичида ўтказилади;
- Сенат томонидан ўзини ўзи тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, Сенат аъзоларининг сайлови 1 ой ичида ўтказилади;
- Президент муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини тайинлаган тақдирда, сайлов 2 ой ичида ўтказилади.
Шунингдек, ҳужжат билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни фуқароларнинг манфаатларидан, ривожланишнинг тарихий ўзига хос хусусиятларидан, шунингдек миллий қадриятлардан, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда, қонунга мувофиқ мустақил равишда ҳал этиш ваколати берилмоқда.
Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 08.05.2023йилдан кучга кирган.
Собир Нурбердиев.