Вазирлар Маҳкамасининг 29.06.2023 йилдаги “Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишлари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 267-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан 2023-2027 йилларда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишлари самарадорлигини ошириш Концепцияси тасдиқланмоқда. Унга кўра ёш бўйича гуруҳлардан келиб чиққан ҳолда тадбирлар 5 та босқичда амалга оширилади:
- I босқич– 3–7 ёш;
- II босқич– 7–10 ёш;
- III босқич – 11–17 ёш;
- IV босқич– 18– 21 ёш;
- V босқич – 22 – 30 ёш.
Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш доирасида улар учун турли мусобақалар, кўргазмалар ва маъсул тизим ва идоралар вакиллари билан учрашувлар ташкиллаштирилади.
Шунингдек:
- ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларини мувофиқлаштириш учун худудий штаблар ташкил этилади;
- ҳарбий хизматчилар томонидан маҳаллаларда ташвиқот ишлари олиб борилади;
- “Ватан ҳимояси” ёшлар ва ўсмирлар ҳаракати ҳамда ҳарбий қисмларда Ёшлар иттифоқини фаолияти такомиллаштирилади;
- Уюшмаган ва ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил ёшлар учун “Ҳарбий қисмда бир кун“ каби тадбирлар ўтказилади;
- “Ватанпарвар” ташкилотларида очиқ эшиклар кун ўтказилади;
- соғлом турмуш тарзи, ёт ғоялар ва жиноятчиликка қарши курашни тарғиб қилувчи ҳужжатли ва бадиий фильмлар намойиш этилади.
Шунингдек, хужжат билан асосий 6 та йўналиш бўйича 36 та чора-тадбирларни қамраб олган концепцияни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”тасдиқланмоқда.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 03.07.2023 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев.