Президент томонидан 04.10.2023 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига соғлиқни сақлаш органлари фаолияти ҳақида жамоатчиликнинг хабардорлигини оширишга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-870-сон Қонун имзоланди.
«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунга киритилган ўзгартиришларга асосан вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси раҳбарлари ҳар ярим йиллик якунлари бўйича тегишинча халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ҳудудда соғлиқни сақлашни ривожлантиришга оид давлат дастурларининг бажарилиши, касалликлар профилактикасининг ҳолати, соғлом турмуш тарзини ва тўғри овқатланишни шакллантириш, шунингдек соғлиқни сақлашнинг асосий кўрсаткичлари тўғрисида ҳисобот тақдим этади.
Ҳисоботларни эшитиш якунлари бўйича халқ депутатлари Кенгашлари томонидан уларнинг фаолияти самарадорлигига баҳо берилади ва тегишли қарор қабул қилиниб, қарор Соғлиқни сақлаш вазирлигига юборилади.
Бундан ташқари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг раҳбарлари ҳар ярим йиллик якунлари бўйича тегишинча халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига ҳисобот тақдим этади. Ҳисоботни эшитиш якунлари бўйича тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан қарор соғлиқни сақлашни бошқариш ҳудудий органларига юборилади.
Шунингдек, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонунга киритилган ўзгартиришларга асосан фуқаролар йиғини тегишинча аҳоли бириктирилган туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари, оилавий поликлиникалар ва оилавий шифокор пунктлари раҳбарларининг ахборотини эшитади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 06.10.2023 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.