Президент томонидан 21.11.2023 йилдаги «Айрим саноат тармоқларида сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-198-сон Фармон имзоланди.
Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан қандолатчилик корхоналарига экспортолди ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириш учун охирги 12 ой мобайнида амалга оширилган экспорт ҳажмидан келиб чиққан ҳолда 2 йил муддатгача қуйидаги миқдорларда молиявий ресурслар ажратилади:
- экспорт ҳажми 500 минг АҚШ долларигача бўлганда – 1 млн АҚШ долларигача;
- экспорт ҳажми 500 минг АҚШ долларидан 4 млн АҚШ долларигача бўлганда – 2 млн АҚШ долларигача;
- экспорт ҳажми 4 млн АҚШ долларидан ортиқ бўлганда –3 млн АҚШ долларигача.
2025 йил 1 январга қадар:
- кенг турдаги қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган қадоқлаш ва этикеткалаш маҳсулотлари (ТИФ TH кодлари 3919 108 000 ва 3921906 000) божхона божидан озод этилади;
- ип-калава ишлаб чиқарувчиларга Экспортни рағбатлантириш агентлиги маблағлари ҳисобидан пахта ва сунъий толани ўз эҳтиёжи учун импорт қилишда (қўшни давлатлардан ташқари) транспорт ҳаражатларининг 50 % қоплаб берилади.
Шунингдек:
- 2024 йил 31 декабрга қадар ип-калавани экспорт қилишда ундириладиган йиғимнинг амалдаги миқдори 5 бараварга камайтирилади;
- 2024 йил 31 декабрга қадар бўялган мато ва бўялган газламани реализация қилишдан тушган умумий тушумида ушбу маҳсулотларни ички бозорда сотиш улуши камида 50 % ташкил қилган корхоналарга ижтимоий солиқни 1% миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлаш ҳамда 3 йил муддатгача юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи тўловини кечиктириш ҳуқуқи берилади;
- 2026 йил 1 октябрга қадар тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари фаолияти учун зарур бўлган айрим товарларни импорт қилишда божхона божидан озод қилинади;
- саноат зоналарида ер майдонлари ҳамда бино ва иншоотларни ижарага беришда тўловларни бўлиб-бўлиб тўлаш даври амалдаги 12 ойдан 24 ойгача узайтирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.11.2023 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев.