Президентнинг 26.02.2024 йилдаги “Мамлакатимизда рақамлаштириш соҳасидаги хизматлар экспортини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-87-сон қарори қабул қилинди.
Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT-парк) томонидан:
- Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда IT-саноатни ривожлантириш, аҳолини юқори даромадли иш ўринлари ва замонавий касблар билан таъминлаш, шунингдек, ҳудудларга IT-хизматлар экспорт қилувчи корхоналарни кенг жалб қилишга қаратилган дастурни (Zero Risk) жорий этиш;
- маҳаллий бозор учун IT-хизматлар кўрсатиш соҳасида фаолият юритувчи корхоналарни халқаро IT-бозорга олиб чиқиш, уларнинг экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича лойиҳа (Local to Global) амалга оширилади.
2024 йилда Германия ва Саудия Арабистонида асосий фаолияти маҳаллий корхоналар учун IT-хизматлар бўйича буюртмаларни жалб қилишга қаратилган IT-парк ваколатхонаси (филиали) ташкил этилади.
IT-парк дирекциясига мазкур мамлакатларда ваколатхоналар (филиаллар) фаолиятини йўлга қўйиш учун 2027 йил 1 январга қадар ҳар бир ваколатхонага (филиалга) йилига 200 минг АҚШ доллари эквивалентигача молиялаштириш учун маблағ йўналтиришга рухсат берилди.
Хорижий мамлакатларда мунтазам равишда, шу жумладан 2024 йилда АҚШ ва Германияда “Ўзбекистон IT-кунлари” халқаро тадбирлари ўтказилади.
Умумий хизматлар ҳажмида хизматлар экспорти улуши маҳаллий бозор учун кўрсатиладиган хизматлар ҳажмига нисбатан юқори бўлган икки ёки ундан ортиқ хорижий давлатда фаолият юритувчи ташкилотларга IT-парк резиденти мақоми берилади.
Дастурда иштирок этувчи корхоналарга IT-паркнинг тавсияномасига асосан:
- бўш турган давлат кўчмас мулк объектлари, Рақамли технологиялар вазирлиги тизимидаги ташкилотлар ҳамда IT-парк филиалларининг давлат мулки бўлган бўш бинолари ва майдонлари (хоналари) 1 йилгача муддатга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилади;
- IT-парк томонидан харид қилинган янги компьютер, бошқа техника ва жиҳозлар бир йилгача муддатга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида, кейинчалик улар 3 ойлик даврда фоизсиз бўлиб тўлаш (харид қилиш) шарти билан тақдим этилади;
- иш ҳақи харажатлари меҳнат фаолиятини амалга оширувчи ходимлари сонига мутаносиб равишда бир йил муддатда 15 фоизгача миқдорда қоплаб берилади;
- инсон ресурсларини ривожлантириш йўналишида бир календарь йил давомида битта корхонанинг қуйидаги харажатлари қоплаб берилади: ишлаб чиқариш ҳамда бошқарув ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш (шу жумладан, хорижий мутахассисларни жалб қилиш орқали) билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизгача, лекин БҲМнинг 200 баробаридан кўп бўлмаган қисми;
- ишга қабул қилиш учун малакали мутахассисларни аниқлаш бўйича хизматлар харажатларининг (мутахассислар сонига мос равишда) 50 фоизгача, бироқ БҲМнинг 20 баробаридан кўп бўлмаган қисми.
Дастурда қуйидаги талаблардан бирига мос келувчи IT-парк резиденти мақомига эга бўлган ташкилотлар иштирок этади:
- умумий хизматлар ҳажмида хизматлар экспорти улуши маҳаллий бозор учун кўрсатилган хизматлар ҳажмига нисбатан юқори бўлган ташкилотлар;
- амалда 500 минг АҚШ доллари ва ундан юқори бўлган эквивалентдаги экспорт шартномасига эга бўлган ташкилотлар;
- йиллик айланмаси миқдори 1 млн АҚШ доллари эквиваленти ва ундан юқори бўлган хорижий компания таъсисчилигида ташкил этилган янги ташкилотлар.
Шунингдек, ҳужжат билан 2024 йил учун рақамлаштириш соҳасидаги хизматлар экспорти бўйича мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 27.02.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова