Президент томонидан 18.03.2024 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида электромобиль ва гибрид автомобиллар ҳамда уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги инвестиция шартномасини тасдиқлаш ҳақида»ги ПҚ-132-сонли Қарор имзоланди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва «BYD Europe B.V.» (Нидерландия Қироллиги) ўртасида имзоланган «Ўзбекистон Республикасида электромобиль ва гибрид автомобиллар ҳамда уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги инвестиция шартномаси тасдиқланди.
Инвестиция шартномасига қуйидаги масалаларни қўшиш бўйича «BYD Europe B.V.» компанияси билан музокаралар олиб бориб, натижаси бўйича қўшимча келишувни киритиш топшириғи берилмоқда:
- Инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг кейинги даврларида электромобиль ва гибрид автомобиллар ишлаб чиқариш қувватини босқичма-босқич йилига 500 минг донагача ошириш;
- Инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг кейинги даврларида ишлаб чиқариладиган электромобиль ва гибрид автомобилларнинг маҳаллийлаштириш даражасини 60%гача етказиш;
- маҳаллий аҳоли учун 10 мингта янги иш ўринларини яратиш;
- ишлаб чиқарилган электромобиль ва гибрид автомобилларни экспорт қилинадиган давлатлар рўйхатини кенгайтириш.
Маълумот учун: «BYD Europe B.V.» компанияси электромобилларнинг маҳаллий иқлим ва йўл шароитларига мослаштирилмагани ҳамда расмий кафолатга эга бўлмагани учун тартибсиз импортни чеклаш бўйича Ҳукуматга мурожаат қилган.
Инвесторнинг мурожаатидан келиб чиққан ҳолда 2024 йил 1 июлга қадар амалдаги қонунчилик ҳужжатлари, шу жумладан рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳамда Жаҳон савдо ташкилотининг тамойилларидан келиб чиқиб «BYD» бренди остидаги электромобиль ва гибрид автомобиллар импортини тартибга солиш бўйича компаниянинг талабини амалга оширишга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш топшириғи берилмоқда.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 19.03.2024 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев