Президентнинг 21.05.2024 йилдаги «Онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларга чалинган болаларга тиббий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 183-сон қарори қабул қилинди.
Қуйидагилар болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси соҳасини ривожлантиришнинг устувор вазифалари:
- 2030 йилгача онкологик касалликларга чалинган болаларнинг омон қолиш даражасини 60 фоизга ошириш;
- бемор болаларни зарур дори воситалари ва тиббий буюмлар билан узлуксиз таъминлаш;
- соҳа учун замонавий диагностика, даволаш ва реабилитация қилиш бўйича билим ва кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, ушбу йўналишда илғор фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотлар олиб бориш ва бошқалар.
Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази (кейинги ўринларда - Марказ) этиб қайта номланди. У республикада болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси хизматига бошчилик қиладиган давлат клиник ва илмий-амалий тиббиёт маркази ҳисобланади.
Марказнинг юқори бошқарув органи Кузатув кенгаши ҳисобланади. Марказ директори Кузатув кенгашининг тақдимига биноан соғлиқни сақлаш вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
Марказ ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Онкологик ва гематологик касалликларига чалинган болаларни соғломлаштиришга кўмаклашиш Жамғармаси ташкил этилди.
2024 йил 1 июлдан бошлаб онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларга чалинган 18 ёшдан 21 ёшгача бўлган (21 ёш ҳам киради) беморлар улар вояга етгунларига қадар ушбу касаллик бўйича тиббий ёрдам кўрсатган бошқа тиббиёт ташкилотларида бепул даволанишни давом эттиради.
2024 йил 1 июндан Марказ ўрин-жой фонди 250 тагача кенгайтирилади.
Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Марказ фаолиятининг устувор йўналишлари ҳамда самарали ташкил этиш буйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури;
- Марказнинг кузатув кенгаши таркиби;
- Жамғарма фаолиятининг устувор йўналишлари;
- болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси хизматининг ташкилий тузилмаси.
Ҳужжат билан айрим қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.05.2024 йилдан кучга кирди.
Саодат Усманова