Президентнинг 04.06.2024 йилдаги “Бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Энг яхши ўзбек адабиёти асарларини хорижий тилларга ва жаҳон адабиёти намуналарини ўзбек тилига таржима қилишни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот таъсис этилди.
Халқаро мукофот учун танловлар 2025 йилдан бошлаб, ҳар 2 йилда бир марта қуйидаги йўналишларда ўтказилади ва ғолиблар аниқланади:
- ўзбек адабиётининг насрий асарларидан хорижий тилларга қилинган энг яхши таржима;
- ўзбек адабиётининг шеърий асарларидан хорижий тилларга қилинган энг яхши таржима;
- ўзбек болалар адабиёти намуналаридан хорижий тилларга қилинган энг яхши таржима;
- хорижий тилларда яратилган насрий асарлардан ўзбек тилига қилинган энг яхши таржима;
- хорижий тилларда яратилган шеърий асарлардан ўзбек тилига қилинган энг яхши таржима;
- хорижий тилларда яратилган болалар адабиёти намуналаридан ўзбек тилига қилинган энг яхши таржима.
Ҳужжатга асосан, Халқаро мукофот ғолибларининг ҳар бири махсус диплом, кўкрак нишони ва БҲМнинг 300 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади. Улар тантанали вазиятда топширилади.
Халқаро мукофот Кенгашининг таркиби тасдиқланиб, унга 2024 йил 1 октябрга қадар махсус диплом ва кўкрак нишони лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек расмий веб-сайтни яратиш топширилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Кенгашнинг ишчи органи ҳисобланади.
Ҳужжат “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган.
Лола Абдуазимова