Вазирлар Маҳкамасининг 30.05.2024 йилдаги “Товарларнинг келиб чиқишини сертификатлашни ўтказиш тартибини янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги 311-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:
- Жаҳон савдо ташкилотининг Келиб чиқиш қоидалари битимида назарда тутилган умумий қоидаларни миллий қонунчиликка киритиш;
- Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган, ички бозорда сотилаётган товарлар учун СТ-UZ сертификатини олиш мумкин. Товарларнинг келиб чиқишини сертификатлашни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (13.12.2019 йилдаги ВМнинг 994-сон қарорига илова, кейинги ўринларда - Низом) CT-UZ сертификат олиш учун ариза бериш тартибини белгилайдиган 7-илова билан тўлдирилди;
- товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификати QR-код орқали электрон шаклда берилади. Низом янги таҳрирининг 39-бандига кўра, сертификат айрим хорижий давлатлар учун QR-код қўйиш орқали электрон шаклда расмийлаштирилиши мумкин. Бундан ташқари, 44-банд QR-код қўйилган электрон сертификат берилганда, дубликат олиш талаб этилмаслиги тўғрисидаги банд билан тўлдирилди.
Бундан ташқари, товарнинг келиб чиқиши сертификатини берувчи ваколатли орган белгиланган. Ушбу орган -«Ўзбекэкспертиза» АЖ. Тегишли ўзгартириш Низомнинг 2-бандига киритилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 04.08.2024 йилдан кучга кирди.
Саодат Усманова