Вазирлар Маҳкамасининг 03.07.2024 йилдаги 381-сон қарори билан Ҳукуматнинг айрим қарорларига тармоқларда экологик вазиятни яхшилашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, қайта тикланадиган электр манбаларидан самарали фойдаланиш ва “Экологик транспорт” тизимини ривожлантиришни таъминлаш учун қуйидагилар назарда тутилмоқда:
- қуёш фотоэлектр станцияларини биноларнинг том ва фасад қисмига ўрнатиш бўйича лойиҳа ҳужжатларини давлат экологик экспертизасидан ўтказиш талабини бекор қилиш;
- атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи саноат корхоналари ва уларга туташ ҳудудларда “яшил белбоғлар” барпо этиш ва кўкаламзорлаштириш тадбирларини амалга ошириш;
- “Экологик транспорт” тизимини босқичма-босқич жорий этиш муддатларини ўзгартириш. У 2025 йил 1 мартдан бошланади (илгари 2024 йил 1 июндан бошлаб бўлган). Худди шу санадан транспорт воситаларининг нормативларга мослиги даражасини аниқлаш ва экологик стикерлар бериш бошланади.
Ўзгартириш ва қўшимчалар қуйидагиларга киритилди:
- Вазирлар Маҳкамасининг “Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш механизмини янада такомиллаштириш тўғрисида” 2020 йил 7 сентябрдаги 541-сон қарори;
- Вазирлар Маҳкамасининг “Атмосфера ҳавосига транспорт воситаларининг салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” 2024 йил 29 мартдаги 166-сон қарори.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 05.07.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова