Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКакие налоговые последствия возникают при продаже автомобиля физлицу В течение скольких лет можно переносить убыток прошлых лет при расчете налога на прибыльКак рассчитать акцизный налог Как взыскать с работника материальный ущерб

Ер участкалари лойиҳаларнинг мастер-режаларига мувофиқ реализация қилинади

11.07.2024

Читать на русском языке

Президентнинг 08.07.2024 йилдаги "Ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва  бўш ер участкаларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-245-сонли қарори қабул қилинди.

 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимиликлари томонидан тижорат банклари кўмагида туман ва шаҳарларда замонавий хизмат кўрсатиш мажмуалари ва сервис объектларини, жумладан жойлаштириш воситалари, турар жойлар ва савдо-кўнгилочар марказларини  жойлаштиришни назарда тутувчи мастер-режа лойиҳалари тайёрланди (иловада келтирилган). Улар 2024 йил 1 августга қадар ҳудудий архитектура ва шаҳарсозлик кенгашлари билан келишилган ҳолда тасдиқланиши керак.

 

2024 йил 1 августдан жорий йил якунига қадар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Кадастр агентлиги билан биргаликда ушбу ҳудудлардаги ер участкалари мастер-режаларга мувофиқ аукцион савдоларига қўйилади.

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 7 майдаги  "Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш жараёнларини  ва хусусийлаштириш дастури ижросини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 268-сонли қарори билан 68 та туман ва шаҳарларда халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўллари бўйлаб замонавий инфратузилмани яратиш, савдо ва сервис  объектларини жойлаштириш учун мастер-режалар асосида ер участкаларини аукцион савдоларига қўйиш режаси тасдиқланди.

 

Давлат активларини бошқариш агентлигига жорий йил якунига қадар  халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўллари бўйлаб замонавий инфратузилмани барпо этиш, савдо ва сервис объектларини жойлаштириш бўйича мастер-режалар ишлаб чиқиш, шунингдек ер участкаларини аукцион савдоларига чиқариш вазифаси топширилди.

 

Туман ва шаҳарлар бўйича ишлаб чиқиладиган мастер-режаларнинг асосий йўналишлари:

● Шаҳар ва туман марказларида урбанизация жараёнларини жадаллаштириш, жумладан аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб, кўп қаватли  ва якка тартибдаги уй-жойлар мажмуаларини ташкил этиш;

● Аҳоли гавжум бўлган  шаҳар ҳудудларидан оқиб ўтувчи сув бўйларини  ободонлаштириш, пиёдалар ва велосипед йўлакларини қуриш, уларнинг атрофида енгил конструкцияли  кўчма савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини  яратиш;

● Ҳудудларда аҳоли, сайёҳлар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шароитлар яратиш, шу жумладан "яшил" ҳудудларни кўпайтириш, замонавий хизмат кўрсатиш ва сервис объектларини қуриш;

● Бўш турган ер участкаларидан самарали фойдаланиш, шу жумладан иқтисодий самараси  юқори  фаолият турларини ривожлантириш, шунингдек бўш турган ер участкаларини тайёр лотларга ажратган  ҳолда электрон онлайн-аукционларда реализация қилиш;

● Ҳудудларнинг инфратузилмага бўлган эҳтиёжини баҳолаш, шу жумладан зарур ташқи муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектлари параметрларини аниқлаш.

 

Шунингдек, мастер-режаларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга оширишни ташкил этиш ва мувофиқлаштиришнинг вертикал тизимини яратиш кўзда тутилмоқда, унга мувофиқ жавобгарлик ва вазифалар республика, минтақавий, шунингдек туман (шаҳар) даражаларида тақсимланади.

 

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

● Урбанизация жараёнларини жадаллаштириш, шаҳарлар ва туман марказларини ривожлантириш ҳамда агломерация ҳудудларини ташкил этишга  қаратилган мастер-режалар ишлаб чиқиладиган туман ва шаҳарлар рўйхати;

● Аҳоли ва сайёҳлар учун барча қулайликларга эга туризм масканларини ташкил этишга  қаратилган мастер-режалар ишлаб чиқиладиган туман ва шаҳарлар рўйхати;

● Германия халқаро ҳамкорлик  ташкилоти билан ҳамкорликда  комплекс иқтисодий ривожлантиришга қаратилган мастер-режалар ишлаб чиқиладиган туманлар рўйхати.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 09.07.2024 йилдан кучга кирган.

                                                                                                   

Лола Абдуазимова