Адлия вазирининг «Интеллектуал мулк тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилиши ҳолатлари юзасидан хулоса бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи қабул қилинди (10.07.2024 й. АВда рўйхат рақами 3529).
Хулоса давлат органларининг инсофсиз рақобатни, интеллектуал мулк объектларининг контрафакт нусхаларини, интеллектуал мулк объектларидан ноқонуний фойдаланганлик ҳолатларини аниқлашга қаратилган сўровига асосан Адлия вазирлиги томонидан берилади.
Хулоса бериш ҳақидаги сўров 30 кунлик муддатда кўриб чиқилади.
Сўровга қуйидагилар илова қилинади:
- жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари (агар мавжуд бўлса);
- давлат органи томонидан интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилиш чораларини кўришда тўпланган ҳужжатлар нусхалари;
- ўрганиш объект(лар)ининг намунаси, нусхаси, чизмаси, аудио ёзуви, фото ва видео тасвирлари;
- муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқ объектларининг яратилиш фактини тасдиқловчи материаллар;
- интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш ёки ундан фойдаланиш фактини тасдиқловчи шартнома, суд қарори, мерос гувоҳномаси ва бошқа ҳужжатлар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 11.07.2024 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев