Norma.uz портали 2024 йил 1 августдан кучга кирадиган миллий қонунчиликдаги асосий ўзгартиришлар шарҳини тақдим этади
Инвестиция мажбуриятларининг бажарилиши натижаларини қабул қилиш муддати белгиланмоқда
Кичик саноат зоналари иштирокчилари ва ёш тадбиркорлик субъектларининг инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлари бажарилиши натижаларини қабул қилиш кичик ва ёшлар саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона дирекциялар томонидан мажбуриятларни бажариш муддати келган санадан бошлаб 3 ой ичида амалга оширилади.
Авторақамлар тасодифий генерация йўли билан берилади
Оддий давлат рақамлари "Давлат рақам белгилари" модули орқали тасодифий автоматик генерация йўли билан берилади.
Айрим ер участкалари аукционга чиқарилади
Туман ва шаҳарларда замонавий хизмат кўрсатиш мажмуалари ва сервис объектларини, жумладан жойлаштириш воситалари, турар жойлар ва савдо-кўнгилочар марказлар учун ер участкалари мастер-режалар асосида аукционга чиқарилади.
Талабалар ётоқхоналарига жойлашиш учун онлайн аризаларнинг қабули бошланади
2024/2025 ўқув йилидан бошлаб барча курс талабалари учун давлат олий таълим муассасалари талабалар турар жойига жойлашиш онлайн шаклда амалга оширилади. Бунда талабалар турар жойига жойлашиш учун ариза бериш 1 августдан бошлаб ўқув йили якунига қадар давом этади.
Қорақалпоғистонда бизнес-форум ўтказилади
2024 йил август ойида халқаро бизнес форум ўтказилиши, Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчилари билан ҳамкорликда салоҳиятли инвесторларни жалб этиб, келишувлар амалга оширилиши, жорий йил якунига қадар эса – “Қорақалпоғистонда бизнес қилинг” дастури доирасида йирик хорижий ишлаб чиқарувчи компаниялар брендларини жалб қилиш режалаштирилмоқда.
Футбол муҳлисларига поездлар учун чегирмалар берилади
2024 йил август – октябрь ойларида футзал бўйича Жаҳон чемпионатида аккредитациядан ўтган шахслар, шунингдек, чемпионат ўйинларига чипталари мавжуд бўлган хорижий ва маҳаллий мухлислар учун темир йўл чипталарига 50 % миқдорида чегирмалар жорий қилинади
Собир Нурбердиев