Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКакие налоговые последствия возникают при продаже автомобиля физлицу В течение скольких лет можно переносить убыток прошлых лет при расчете налога на прибыльКак рассчитать акцизный налог Как взыскать с работника материальный ущерб

Асосий ставка пасайтирилди

26.07.2024

Читать на русском языке

2024 йил 25 июлда Марказий банк бошқаруви асосий ставкани 0,5 фоиз бандга пасайтириш ва йиллик 13,5% даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди. 

 

Базавий инфляциянинг пасайиши ва инфляцион кутилмалар динамикаси энергия  тарифлари ўсишининг инфляцияга  иккиламчи  таъсири кутилганидан паст бўлаётганини кўрсатиб,  йил охирига келиб инфляциянинг прогноз коридорининг қуйи чегараси  шаклланишига ишончни мустаҳкамламоқда.

 

Нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари ишлаб чиқаришдаги ижобий фарқнинг қисқаришига ва талаб томонидан инфляцион босимнинг пасайишига хизмат кўрсатмоқда.

 

 Инфляциянинг кутилаётган динамикаси ва инфляцияни оширувчи  хатарларнинг камайишини ҳисобга олган ҳолда, Марказий банк бошқаруви асосий ставкани пасайтиришга қарор қилди.

 

Июнь ойида  умумий инфляция йиллик даражаси 10,6%ни ташкил этди, бунда инфляциянинг барқарор компонентлари ва мева-сабзавот маҳсулотлари нархлари сезиларли даражада пасайди. Ташқи бозорлардаги нархлар динамикаси импорт инфляциясига пасайтирувчи таъсир кўрсатмоқда.

 

Озиқ-овқат товарлари инфляциясининг пасайиши ва алмашув курсининг барқарорлиги аҳолининг инфляцион кутилмаларига ижобий таъсир кўрсатди, бу эса июнь ойида уларнинг сезиларли даражада пасайишига олиб келди. Ўз навбатида, бу кутилмалар томонидан инфляцион босимнинг пасайиши учун асос яратади.

 

Базавий инфляция пасайиш траекториясини давом эттириб, июнь ойида 5,9%ни ташкил этди, йил бошидан буён 2,6 фоиз бандга пасайди. Буни энергия тарифлари ўзгаришининг иккиламчи таъсири кутилганидан камроқ бўлганлиги билан изоҳлаш мумкин, бу эса келажакда инфляциянинг пасайиш тенденциясининг давом этиши истиқболини кучайтирди.

 

Инфляция прогнози жорий йилдаги базавий инфляция тенденцияси ва инфляцион омилларнинг кутилганидан паст таъсирини ҳисобга олган ҳолда пасайиш томонга қайта кўриб чиқилди. Йил якунида умумий инфляция тахминан 9% атрофида, 2025 йил охирига келиб эса 5% таргет даражасига яқинлашиши кутилмоқда.

 

2024 йилнинг II чорагида иқтисодий ўсиш тезлашишда давом этди ва I ярим йиллик якунлари бўйича иқтисодиёт реал ифодада 6,4%га ўсди. Саноат, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги юқори фаоллик иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватламоқда.

 

Юқори инвестицион фаоллик, хусусан, тўғридан-тўғри хорижий ва хусусий капитал қўйилмалар  ялпи  инвестицион талабнинг ошишининг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.

 

Сўнгги икки ой давомида тадбиркорлар орасида иқтисодий фаоллик ва ишбилармонлик кайфияти индексларининг бироз пасайишига қарамай, уларнинг ижобий қиймати сақланиб қолмоқда.

 

II ярим йилда кутилаётган юқори инвестицион ва ишлаб чиқариш фаоллигининг юқори даражасини ҳисобга олган ҳолда, 2024 йилда реал ЯИМ ўсиши прогнози 5,7-6,2%гача оширилди.

 

Аҳоли ва тадбиркорлар харажатларининг таркибий ўзгаришлари муносабати билан умумий истеъмол талабининг маълум даражада мақбуллашиши кутилмоқда.

 

Иқтисодиётда нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг сақланиб қолиши умумий талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанатни таъминлашга ёрдам беради. Натижада, ҳозирги 0,5-0,6%лик ЯИМ ижобий ишлаб чиқариш фарқи прогнозларга кўра йил охирига келиб ёпилади, бу эса унинг инфляцияга таъсирининг мос равишда пасайишига олиб келади.

 

Асосий савдо ҳамкорларининг юқори иқтисодий ўсиш суръатлари ва жаҳон нархларининг қулай конъюнктураси шароитида экспорт тушумлари ва пул ўтказмалари дастлабки прогнозларга нисбатан юқори суръатларда ўсиши кутилмоқда.

 

Жорий йилнинг II чорагида турли каналлар орқали иқтисодиётга валюта оқимининг сезиларли даражада ошиши кузатилди, бу сўм алмашув курсининг барқарорлашувига ижобий таъсир кўрсатди.

 

Банк тизимининг умумий ликвидлиги, жамғармалар ва кредитлар ҳажми динамикаси нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Бу ўз навбатида сўмдаги жамғармаларнинг жозибадорлигини оширади ва аҳоли депозитларининг юқори ўсиш суръатларини таъминлайди.

 

Шу билан бирга, йил охиригача инфляцион кутилмаларнинг жорий динамикасининг давом этиши ва хизматлар базавий инфляциясининг юқори даражаси билан боғлиқ баъзи инфляцияни оширувчи хатарлар ҳам сақланиб қолмоқда.

 

Марказий банк 5% таргетга эришишга қаратилган нисбатан қатъий пул-кредит сиёсатини олиб боришни давом эттиради. Асосий ставка бўйича кейинги қарорлар инфляция динамикаси ва прогнозлари, инфляцион кутилмалар ва макроиқтисодий кўрсаткичлар бўйича келиб тушадиган маълумотлар асосида қабул қилинади.

 

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги мажлиси 2024 йил 12 сентябрга белгиланган.