Конституциявий суднинг 23.07.2024 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 86-моддаси биринчи қисмига шарҳ бериш ҳақида»ги КСҚ-3-сон қарори қабул қилинди.
Мазкур масалани кўриб чиқиш учун Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказнинг тегишли нормани талқин этиш бўйича мурожаати асос бўлди.
Қонуннинг 86-моддаси биринчи қисмига мувофиқ Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари муайян ишда қўлланилган ва Конституцияга мувофиқ бўлмаган қонунда бузилган деб ҳисобловчи фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг шикоятлари, агар судда ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда ишни кўриб чиқиш тугаган кундан эътиборан бир йилдан кечиктирмай Конституциявий судга берилади.
Конституциявий суднинг шарҳига кўра, «судда ишни кўриб чиқиш тугаган кун» жумласини суд томонидан ишни кўриб чиқиш натижаси бўйича охирги суд ҳужжати қабул қилинган кун, деб тушуниш лозим.
Конституциявий суднинг қарори қатъий, унинг устидан шикоят қилиниши мумкин эмас.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.07.2024 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев