Президент томонидан 27.08.2024 йилдаги «Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2201-моддасига қўшимча киритиш ҳақида»ги ЎРҚ-946-сон Қонуни имзоланди.
Эндиликда қуролнинг қонунга хилоф муомаласи билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс пневматик, сигнал берувчи, тиғли совуқ, улоқтириш қуролини ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини ўз ихтиёри билан топширса, маъмурий жавобгарликдан озод қилинади.
Маълумот учун: юқоридаги қурол турларини ички ишлар органларининг тегишли рухсатномаларисиз реализация қилиш, олиш, сақлаш, олиб юриш, ташиш, коллекциялаш, кўргазмага қўйиш, улардан фойдаланиш, республика ҳудудига олиб кириш ёки олиб чиқиш, шунингдек транзит олиб ўтиш қуролни мусодара қилиб, фуқароларга БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача қамоққа олишга сабаб бўлади. Мазкур турдаги қуролларни ички ишлар органларининг тегишли лицензияларисиз ишлаб чиқариш, таъмирлаш, реализация қилиш қуролни мусодара қилиб, фуқароларга БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача қамоққа олишга сабаб бўлади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.08.2024 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев