Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 14 сентябрдаги 577-сон қарори билан қишлоқ хўжалигида эркин бозор муносабатлари янада ривожлантирилиши муносабати билан ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Президентнинг 2023 йил 12 декабрдаги ПФ-205-сон Фармонига мувофиқ, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда:
- Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳамда унинг маблағларини шакллантиришнинг асосий манбаларини аниқлаштириш;
- Жамғарма томонидан тўланадиган субсидияларни Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг “Субсидиялар” портали орқали бериш;
- Жамғарма маблағлари ҳисобидан имтиёзли кредитлашнинг фоиз ва муддатларини қайта белгилаш;
- “Агроплатформа” АТ орқали имтиёзли кредитлаш учун ариза беришни соддалаштириш;
- маҳсулот етказиб бериш бўйича фонд биржаси орқали тузилган фьючерс шартномаларини бекор қилиш ҳамда маҳсулотни қайта савдога чиқариш тартибини амалдаги ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлаштириш.
Хусусан, қуйидаги ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:
- Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 25 майдаги 95-сон “Дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари ҳисобини юритиш тизимини такомиллаштиришга, уларнинг сақланиши устидан назоратни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори;
- Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 июлдаги 533-сон “Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори;
- Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25 декабрдаги 680-сон “Пахта хомашёсини етиштириш ва пахта йиғим-терими харажатларини кредитлаш ҳамда уларни реализация қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2024 йил 16 сентябрдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова