Президентнинг 14.10.2024 йилдаги "Рақамлаштириш соҳасида экспорт фаолияти билан шуғулланувчи корхоналарни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-157-сонли Фармони қабул қилинди.
IT-парк резидентларига қуйидаги қўшимча фаолият турлари бўйича хизматлар кўрсатишга рухсат берилади:
- инглиз тили билан бир қаторда бошқа хорижий тилларни ҳам ушбу хизмат бўйича йиллик жами даромаднинг 40%дан ошмаган ҳажмда ўқитиш;
- бизнес-жараёнларни аутсорсинг қилиш йўналиши бўйича таълим фаолиятини ушбу хизмат бўйича йиллик жами даромаднинг 40% дан ошмаган ҳажмда амалга ошириш;
- Интернет орқали хорижий давлатларга билим жараёнлари аутсорсинги (Knowledge Process Outsourcing) хизматларини экспорт қилишни амалга ошириш.
2025 йил 1 январдан 2026 йил 1 январгача бўлган даврда тажриба тариқасида IT-парк резидентларига қуйидаги барча шартлар бажарилган ҳолда корпоратив банк карталари орқали реклама хизматлари учун тўловларни амалга оширишга рухсат берилади:
- аудиторияси 100 млн дан ортиқ бўлган хорижий ахборот ресурслари ва Интернет тизимларининг (шу жумладан веб-сайтлар, платформалараро ресурслар, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар) реклама хизматларидан фойдаланиш;
- календарь йил давомида экспорт тушумининг 10% доирасида, лекин 100 минг АҚШ долларидан ошмаган миқдорда;
- реклама хизматлари бўйича тўловлар тўғрисидаги маълумотларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритиш.
2028 йил 1 январгача рақамли технологиялар соҳасида ўзини ўзи банд қилган шахсларни қўллаб-қувватлаш дастури амалга оширилади. Бунда Дастур иштирокчиларига IT-парк резиденти мақоми берилади ва улар кўрсатган тегишли хизматлар ҳажмидан келиб чиқиб:
- замонавий офислар, коворкинг-марказлар, спорт мажмуалари хизматларидан фойдаланиш, тиббий ва таълим хизматлари харажатларининг бир қисми қопланади ёки ҳамкорлик дастурлари асосида улар бўйича чегирмалар тақдим этилади;
- ҳудудларда яратилаётган " IT-шаҳарчалар"нинг коворкинг-майдончаларидан бепул фойдаланиш имкониятлари яратилади, шунингдек ҳуқуқий маслаҳат хизматлари кўрсатилади;
- касбий кўникмаларни ривожлантириш мақсадида нуфузли халқаро платформаларда имтиёзли шартларда таълим олиш учун шароитлар яратилади;
- тажриба алмашиш, ижтимоий ва бизнес алоқаларни ривожлантириш мақсадида доимий асосда учрашувлар, форумлар ва бошқа тадбирлар ўтказилади.
Ҳужжат билан рақамли технологиялар соҳасида хизматлар экспортини ошириш ва мамлакатга хорижий компанияларни жалб қилиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 17.10.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова