22.10.2024 йилдаги ЎРҚ-981-сонли Қонун билан сув ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш билан боғлиқ Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ҳужжатда қайд этилганидек, қуйи бўғинда сув таъминоти ташкилотлари ва сувдан фойдаланувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солиш билан сув ресурсларини бошқариш самарадорлигини ошириш зарур. Шунингдек, пахта хом ашёси ва ғалла етиштиришда давлат буюртмасини қонунчилик даражасида бекор қилиш орқали қишлоқ хўжалигини бошқаришда давлатнинг ролини янада камайтириш режалаштирилмоқда.
Хусусан, 06.05.1993 йилдаги 837-XII-сонли "Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида"ги Қонунга "Сув етказиб бериш хизмати" давлат муассасаларининг вазифалари ва ваколатларини тузатувчи, шунингдек қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сув олиш лимитларини туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгашлари тасдиқлашини белгиловчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Бундан ташқари, фермер хўжаликларининг давлат эҳтиёжлари учун маҳсулот етказиб бериш мажбурияти ва қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчиларга сув етказиб бериш хизматлари учун тўловлар бекор қилинади (30.04.1998 й. 602-I-сонли "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги Қонун).
Қонун сув ресурсларини самарали бошқариш тизимини жорий этиш, қишлоқ хўжалигида эркин рақобатни таъминлаш ва маҳсулот ишлаб чиқарувчиларнинг манфаатдорлигини оширишга қаратилган.
Ҳужжат қонун ҳужжатлари миллий базасида эълон қилинган ва 2024 йил 24 октябрдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова