2024 йил 31 октябрда Марказий банк бошқаруви асосий ставкани йиллик 13,5% даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Иқтисодиётда юқори истеъмол ва инвестицион фаоллик ҳамда айрим товар ва хизматлар таклифидаги ўзгаришлар таъсирида инфляцияга оширувчи босим сақланиб қолмоқда.
Инфляциянинг барқарор пасайишини таъминлаш ва ўрта муддатли истиқболда 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичга эришиш учун нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг сақланиши зарур.
Макроиқтисодий ривожланиш прогнозлари ва инфляция омиллари бўйича кутилмалардан келиб чиқиб, Марказий банк бошқаруви асосий ставкани йиллик 13,5% даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Макроиқтисодий кўрсаткичлар
Сентябрь ойида умумий инфляциянинг йиллик қиймати сўнгги чоракда ўзгармасдан 10,5%ни ташкил этди. Базавий инфляция динамикаси юқори истеъмол талаби, ёқилғи ресурслари тарифлари ва нархларининг эркинлаштирилишини хизматлар нархларига ўтиши, айрим турдаги озиқ-овқат товарлари нархларининг ўсиши таъсирида ўсувчи трендга ўтди ва сентябрь ойида йиллик ҳисобда 7,1% даражасида шаклланди.
Мева-сабзавот маҳсулотларининг ўртача нархлари пасайишда давом этмоқда, бу умумий инфляциянинг пасайиш омилларидан бири ҳисобланади. Октябрь ойидаги ҳафталик кузатувлар истеъмол товарлари нархларининг нисбий барқарорлигини кўрсатмоқда, ойлик ўзгариш эса ўтган йилнинг мос даври кўрсаткичларидан паст даражада шаклланмоқда.
Аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари жорий ва прогноз қилинаётган инфляция даражалари билан фарқи юқори даражада қолмоқда. Сентябрь ойи сўрови натижаларига кўра аҳолининг инфляцион кутилмалари 13,3%ни, тадбиркорларнинг кутилмалари 12,6%ни ташкил этди.
Жорий йилнинг сўнгги чорагида нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари таъсирида инфляцион жараёнларнинг бироз пасайиши кутилмоқда ва йил якуни бўйича умумий инфляция тахминан 9,5% даражасида прогноз қилинмоқда.
Январь-сентябрь ойларида иқтисодиётнинг барча асосий тармоқларида кузатилган ижобий ўсиш динамикаси ҳисобига ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 6,6%ни ташкил этди. Бунда юқори инвестицион фаоллик иқтисодий ўсишнинг асосий драйверларидан бири бўлиб қолмоқда.
Чегара орқали пул ўтказмаларининг ўтган йилга нисбатан юқори ўсиш суръатлари аҳоли даромадларининг ошишига хизмат қилмоқда. Иқтисодиётда ўртача иш ҳақи ва реал даромадларнинг ўсиши истеъмол фаоллигини қўллаб-қувватламоқда. Хусусан, хизматлар соҳаси ва чакана савдодаги юқори ўсиш суръатлари кучли истеъмол талабининг шаклланаётганлигини кўрсатмоқда.
Иқтисодий ўсишнинг шаклланаётган тенденцияларидан келиб чиқиб, 2024 йилда ЯИМнинг реал ўсиш суръати 6,0-6,5% даражасида прогноз қилинмоқда.
Молия бозори
Пул бозори фоиз ставкалари ва давлат қимматли қоғозлари даромадлилиги нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг сақланиб қолаётганлигини акс эттирмоқда. Банк тизимидаги юқори реал фоиз ставкалари аҳолининг жамғариш фаоллигини оширишда давом этмоқда. Кредитлашнинг мўътадил ўсиш суръатлари ва депозитларнинг юқори ўсиш суръатлари жами талабни мувозанатлаштириш ва инфляцияга монетар омилларнинг таъсирини пасайтириш имконини беради.
Бунда яқин чоракларда энергия ресурслари етказиб бериш ва уларнинг нархларининг қисқа муддатли ўзгариши, айрим товарларни етказиб беришдаги узилишлар, хизматлар нархларининг нисбатан юқори даражада сақланиб қолиши билан боғлиқ проинфляцион хатарлар юзага келиши мумкин.
Ҳар қандай шароитда Марказий банк иқтисодиётда талаб ва таклиф мувозанатига, инфляцион кутилмаларга ва таркибий ислоҳотларни амалга ошириш суръатларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, инфляциянинг 5% мақсадли кўрсаткичига эришишга қаратилган пул-кредит сиёсатини амалга оширишни давом эттиради.
Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2024 йил 12 декабрь кунига белгиланган.