Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКогда можно не относить на себестоимость продукции амортизацию производственных ОС Почему налоговое ведомство так избирательно признает налоговые льготы Что делать работодателю, если работника привлекают к уголовной ответственности

Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни жойлаштиришнинг муқобил шакллари жорий этилмоқда

22.11.2024

Читать на русском языке

Президентнинг 14.11.2024 йилдаги ПФ-185-сон Фармони билан болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари белгиланди.


Ҳужжатнинг мақсади – етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган, зўравонликдан жабрланган ва оиладан олинган болаларни (ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар) жойлаштиришнинг муқобил шаклларини такомиллаштириш, шунингдек етим ва ота-она қарамоғисиз қолган ёшларни жамиятга интеграциялашувини таъминлаш.

 

Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари:

  • уларни оилавий муҳитда тарбиялаш, оилаларни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликдан чиқаришда кўмаклашиш орқали ижтимоий етимликнинг олдини олиш;
  • етим болаларни жамиятга интеграциялашувига қаратилган хизматлар кўламини кенгайтириш;
  • етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни ихтисослаштирилган тарбия муассасаларига жойлаштириш кўринишидаги муқобил жойлаштириш шаклини босқичма-босқич деинституционализация қилиш ва бошқалар.

 

Болаларнинг энг яхши манфаатларидан келиб чиққан ҳолда уларни жойлаштиришнинг қуйидаги муқобил шакллари белгиланди:

  • васийлик ва ҳомийлик белгилаш;
  • болани фарзандликка олиш;
  • қабул қилувчи (фостер) оилага бериш (оилага тарбияга олиш (патронат), шунингдек оилавий турдаги болалар уйларига (қисқа муддатли, узоқ муддатли ёки ихтисослаштирилган жойлаштириш);
  • ихтисослаштирилган тарбия, соғломлаштириш ва тиббий-ижтимоий муассасаларга жойлаштириш.

 

2025 йил 1 январдан кам таъминланган оилалардан болаларни меҳрибонлик уйлари ва болалар уйларига вақтинча қабул қилиш бекор қилинади. Бунда ҳоким ёрдамчилари ва ижтимоий ходимлар «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида оилаларни камбағалликдан чиқариш чораларини кўради.

 

Бундан ташқари, 2025 йил 1 февралдан болалар уйларида оғир турмуш шароитига тушиб қолган ва яқин қариндошларининг қўллаб-қувватловисиз қолган, натижада ўз фарзандини тарбиялашдан воз кечишга тайёр оналар, шу жумладан ҳомиладор аёллар учун «Она уйи» хизмати жорий этилади.

 

Хусусан, оғир турмуш шароитига тушиб қолган оналар ва уларнинг болаларига (4 ёшга тўлмаган) ижтимоий шартнома асосида 1 йилгача муддатга вақтинча бошпана берилади, «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари эса уларга касб эгаллашда ёрдам беради.

 

Шунингдек, ҳужжатга кўра, 2025 йил 1 мартдан Камбағал оилалар реестрига киритилган, расмий банд бўлган ёлғиз оналарга (оталарга) Давлат ижтимоий ҳимоя жамғармаси маблағлари ҳисобидан бола (болалар) уч ёшга тўлгунга қадар мактабгача таълим хизматларидан фойдаланиш учун бир болага 1,5 БҲМгача моддий ёрдам кўрсатилади.

 

Бунда агар болалар эгизак бўлса, моддий ёрдам эгизакларнинг ҳар бирига ажратилади.

 

Етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни аниқлаш, шунингдек бундай болалар ва уларни муқобил жойлаштириш шаклларидан бири бўйича қабул қилишни истаган шахслар ҳисобини юритиш «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида (ЯМИҲ АТ) амалга оширилади. Номзодлар ЯИДХПга ариза топшириши мумкин.

 

Шу билан бирга, оилавий турдаги болалар уйларини ташкил этиш учун тўлиқ оила (эр ва хотин) бўлиши талаби бекор қилинади. Уларни 30 ёшга тўлган Ўзбекистон фуқароларига ҳам ташкил этишга рухсат берилади.

 

Бунда ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар оилага тарбияга олиш (патронат) учун фақат уларнинг қариндошларига берилади.

 

Ҳужжатда 2025 йил 1 январдан босқичма-босқич асосда етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни жойлаштириш учун Андижон вилоятида Агентлик тизимидаги тиббий-ижтимоий муассаса ҳузурида, Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятида Агентлик тизимидаги тарбия муассасалари ҳузурида ихчам болалар уйларини ташкил этиш назарда тутилади.

 

2025 йил 1 апрелдан нодавлат сектор ижтимоий етимликнинг олдини олиш, етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни узоқ муддатли ёки қисқа муддатли асосда парвариш қилиш ва тарбиялаш хизматларини кўрсатиш жараёнига жалб этилади.

 

2025 йил 1 февралдан «Инсон» марказлари муқобил жойлаштириш шакллари асосида жойлаштирилган етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг қонуний вакиллари ҳисобланиши (васийлик, ҳомийлик ва болани фарзандликка олиш бундан мустасно) белгиланди.

 

«Инсон» марказлари ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-оналар ёки шахслардан боланинг соғлиғини тиклаш ва реабилитация қилиш учун қўшимча харажатлар суммасини бола фойдасига ундириш юзасидан судларга мурожаат қилганда давлат божи тўлашдан озод қилинади.

 

2025 йил 1 январдан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Меҳр дафтари» жамғармалари уларнинг амалдаги молиялаштириш манбалари ва пул маблағлари қолдиғини Давлат ижтимоий ҳимоя жамғармасига ўтказган ҳолда тугатилади.

 

Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

 

Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида эълон қилинди ва 21.11.2024 й. кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова