Президентнинг 22.11.2024 йилдаги "Таълим соҳасида хусусий сектор иштирокини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-403-сон қарори қабул қилинди.
Чора-тадбирлар нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолиятини қўллаб-қувватлашга, таълим соҳасида хусусий сектор улушини оширишга, ушбу йўналишда тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитлар яратишга ҳамда ўқитишнинг инновацион педагогик шакллари, усуллари ва технологияларини жорий этишга қаратилган.
Президентнинг 15.09.2017 йилдаги ПҚ-3276-сон ва 5.09.2018 йилдаги ПҚ-3931-сон қарорларига кўра 2025 йил 1 январгача белгиланган имтиёзларнинг амал қилиш муддати 2030 йил 1 январга қадар узайтирилади. Хусусан, қуйидагилар тўловлардан озод этилади:
• нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари - барча турдаги солиқлар (ижтимоий солиқдан ташқари) ва йиғимлардан;
• Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларини жиҳозлаш ва уларнинг фаолиятини таъминлаш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари, компьютер техникаси, дастурий маҳсулотлар, ўқув ва илмий-методик адабиётлар, инвентарь ва моддий-техника ресурслари - божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари);
• нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида меҳнат фаолиятини амалга оширувчи хорижий ўқитувчилар ва мутахассислар - жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқдан.
Шу билан бирга, 2025 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар белгиланади:
• нодавлат таълим ташкилотлари томонидан доимий асосда педагогик фаолиятни амалга ошириш учун жалб этиладиган хорижий мутахассисларга "A-2" ўқитувчилик кириш визалари берилади;
• давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари томонидан хориждан жалб қилинган мутахассисларга Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномалар беришда ундириладиган йиғим миқдори БҲМнинг 30 бараваридан 1 бараваригача камайтирилади;
• нодавлат мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотларининг раҳбар ва педагог ходимлари А.Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институтида, педагогик маҳорат марказларида, шунингдек, белгиланган тартибда шакллантириладиган реестрга киритилган нодавлат малака ошириш ташкилотларида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан малака оширадилар.
Шунингдек, Президентнинг 26.07.2023 йилдаги ПҚ-236-сон қарори 5-бандининг "г" кичик бандида назарда тутилган тўловлар (муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва транспорт инфратузилмасини яратиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун тўловлар) нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари қурилиши лойиҳаларига нисбатан қўлланилмайди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.11.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова