Иқтисодиёт ва молия вазирининг "Божхона тўловларини тўлашнинг бош таъминотини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги буйруғи (21.11.2024 й. АВ рўйхат рақами 3579-сон) имзоланди.
Агар бир шахс томонидан маълум вақт давомида бир нечта божхона операциялари амалга оширилса, божхона тўловларини тўлашни таъминлаш учун қуйидаги усуллардан бири орқали уларни тўлашнинг бош таъминотини тақдим этиш мумкин:
- товарларни гаровга қўйиш;
- банк кафолатини тақдим этиш;
- божхона тўловларини тўлаш мажбуриятини суғурталаш.
Божхона органи томонидан бош таъминотни қабул қилиш учун тўловчи белгиланган шаклдаги ариза (шакли – бу ерда) билан Божхона қўмитасига ёзма мурожаат қилади. Қўмитанинг веб-сайти орқали электрон мурожаат қилишга ҳам йўл қўйилади.
Аризага қуйидаги ҳужжатлардан бири илова қилинади:
- банк кафолати;
- суғурта полиси;
- баҳолаш ташкилотининг бозор қиймати бўйича гаров нарсасини баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботи.
Божхона қўмитаси аризани 10 иш куни ичида кўриб чиқади ва бош таъминотни қабул қилиш ёки қабул қилишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2025 йил 23 февралдан кучга киради.
Собир Нурбердиев