Президентнинг 03.12.2024 йилдаги “Давлат харидларида ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга кенг имкониятлар яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-417-сон қарори қабул қилинди.
2025 йил 1 январдан бошлаб очиқ ва шаффоф Ишлаб чиқарувчилар экотизими жорий қилинади:
- ҳудудлар ва товарлар кесимида ишлаб чиқарувчилар тўғрисидаги саноат харитасини ишлаб чиқиш;
- давлат буюртмачилари ва ишлаб чиқарувчилар ўртасида, шунингдек, ишлаб чиқарувчилар ўртасида ўзаро кооперация алоқаларини ўрнатиш ва офтейк шартномалар тузиш имкониятини яратиш;
- “B2B” ва "В2С" форматида "маркетплейс" шаклидаги эркин савдо майдончасини ташкил этиш;
- давлат буюртмачилари томонидан устувор равишда Ишлаб чиқарувчилар экотизимига киритилган ишлаб чиқарувчилардан товарларни харид қилиш, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳалар доирасида харид қилиш бўйича алоҳида тартиб белгиланган ҳоллар бундан мустасно.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ишлаб чиқарувчилар экотизимининг тўлиқ жорий этилиши ва унинг барқарор фаолият юритишини таъминлаш учун масъул ҳисобланади.
Давлат харидларида ишлаб чиқарувчиларнинг иштирокини янада кенгайтириш мақсадида "давлат харидлари – бизнесга кўмак" тамойили асосида "тадбиркорбай" ишлаш тизими йўлга қўйилади.
Ишлаб чиқарувчилар давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталидан рўйхатдан ўтказилади, шунингдек, уларнинг оферталари бир вақтнинг ўзида барча давлат харидлари электрон тизимларида жойлаштирилади.
Электрон дўкон ва бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион савдоларида ишлаб чиқарувчиларга улар томонидан етказиб берилган товарлар миқдорига мутаносиб равишда ҳақ тўлаб берилади.
“Юқори” ва “ўрта” барқарорлик рейтинги тоифаларига мансуб тадбиркорлик субъектлари ҳисобланган ишлаб чиқарувчиларга барча электрон тизимларда – давлат харидларида иштирок этиш учун воситачилик йиғими миқдорига нисбатан 50 фоиз чегирма тақдим этилади. Шунингдек, уларга қўшимча закалат киритмасликка рухсат берилади.
2025 йил 1 январдан бошлаб республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари давлат харидларини амалга оширишда тўғридан-тўғри тузиладиган шартномалар, шунингдек, импорт улушини кескин камайтириб бориш каби мезонлар асосида белгиланади.
Бундан ташқари, харид қилиш тартиб-таомилида давлат харидларини амалга ошириш учун талабгор сифатида иштирок этаётган тадбиркорлик субъектларининг давлат харидлари жараёнидаги фаолиятини электрон ахборот тизимларидан олинган маълумотлар асосида махсус ахборот порталида инсон омилисиз баҳолаб борувчи скоринг тизими жорий этилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 03.12.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова