Президентнинг 04.12.2024 йилдаги «Жамоавий спорт турларини ривожлантириш ва иқтидорли ёшларни саралаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-421-сон қарори қабул қилинди.
Жамоавий спорт турларини (волейбол, баскетбол, гандбол, регби, чим устидаги хоккей, сув полоси) ривожлантиришнинг асосий йўналишлари:
- ёшларнинг жамоавий спорт турларига қизиқишини ошириш, спорт мусобақаларини мунтазам ўтказиш;
- миллий терма жамоалар ва профессионал спорт клублари учун спорт заҳирасини яратиш, шунингдек иқтидорли ёш спортчиларни аниқлаш, саралаш ва селекция қилишнинг рақамлаштирилган тизимини жорий этиш;
- мураббийлар, ҳакамлар ва мутахассисларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;
- хорижий мутахассисларни жалб қилиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш;
- жамоавий спорт турлари бўйича замонавий спорт объектларини яратиш, мавжудларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш.
2025/2026 ўқув йилидан бошлаб барча давлат университетларида жамоавий спорт турлари бўйича спорт клублари, бошқа давлат олий таълим муассасаларида – камида учта жамоавий спорт тури бўйича ташкил этилади.
Шунингдек, 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб жамоавий спорт турлари бўйича спорт мусобақалари ўтказилади:
- «Мактаб лигаси» – умумий ўрта таълим мактабларининг мактаб спорт клублари ўртасида;
- «Талабалар лигаси» ва «Олий таълим кубоги» – олий таълим муассасаларининг спорт клублари ўртасида;
- «Ректор кубоги» – олий таълим муассасалари даражасида.
Идоравий ташкилотларда ҳам камида учта жамоавий спорт тури бўйича спорт клублари ташкил этилади. Бунда:
- идоравий ташкилотлар раҳбарлари меҳнат жамоасининг иш вақти тугагандан сўнг белгиланган кунларда (ҳафтасига камида бир марта) жамоавий спорт турларида иштирок этишини ташкил қилиш бўйича чоралар кўради;
- идоравий ташкилотлар кесимида жамоавий спорт турлари бўйича «Раҳбар кубоги», маҳаллий ҳокимликлар кесимида – «Ҳоким кубоги» мусобақалари ўтказилади;
- спорт мусобақалари ғолиблари ва совриндорлари спорт мусобақалари ташкилотчиларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан моддий рағбатлантирилади.
Илғор технологияларни жорий этиш орқали иқтидорли ёшларни саралашнинг (селекциясининг) шаффоф тизимини жорий этиш учун «ERP-sport» ягона электрон бошқарув тизимида 2025-2027 йилларда иқтидорли ёшларни аниқлаш, саралаш ва селекция қилиш учун техник имкониятлар яратилади.
Ҳужжат билан жамоавий спорт турлари билан мунтазам шуғулланишни ташкил этиш ва ушбу спорт турларини янада ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 06.12.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова