05.12.2024 йилдаги ЎРҚ-1010-сон Қонун билан "Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига махсус иқтисодий зоналар фаолиятиниммувофиқлаштириш ва уларни бошқариш тизимини соддалаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ҳужжатда қайд этилишича, МИЗ дирекциялари ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали ажратиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича яратилган шарт-шароитлардан тўлиқ фойдаланиш имкониятига эга эмас. Бундан ташқари, МИЗ ҳудудида фаолият юритиш истагини билдирган инвесторлар учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш уларнинг дирекция ва давлат органлари билан ҳамкорлик жараёнларини автоматлаштиришни тақозо этади.
Қонун билан "Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида"ги Қонунга махсус иқтисодий зорналар маъмурий кенгашларини тугатиш ва уларнинг вазифаларини дирекциялар зиммасига юклашни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Бундан ташқари, Қонунда МИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш бўйича қарорлар қабул қилиш муддатларини мақбуллаштириш ва бизнес-режа экспертизасининг хулосасини ёки инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асосланишини олиш бўйича талабларни бекор қилиш, лойиҳаларнинг Қонун талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосани дирекциялар томонидан мустақил равишда қабул қилиниши тўғрисидаги нормани белгилаш назарда тутилмоқда.
Қабул қилинган Қонун ушбу соҳадаги ишларни тизимли йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилаётган махсус иқтисодий зоналар фаолиятини бошқариш ва мувофиқлаштириш тизимини янада соддалаштиришга, инвестицияларни жалб этиш учун шарт-шароитларни яхшилашга, инвестиция лойиҳаларини жадал амалга оширишга ва шу асосда янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 06.12.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова