Президентнинг 13.12.2024 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Элчихонасининг фаолияти самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги ПҚ-434-сон қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Элчихонасининг штат жадвалига биринчи котиб – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги вакили лавозими киритилди.
Вакилнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
- Ўзбекистон ИИВ билан Россия ИИВ ўртасидаги ўзаро ишонч ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига асосланган ҳолда яқин ҳамкорликни кучайтириш;
- Ўзбекистон билан Россия ўртасида жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш масалаларида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича мунтазам равишда пухта ишланган амалий таклифларни тайёрлаш;
- Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш масалаларида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга кўмаклашиш;
- терроризм, экстремизм, одам савдоси, ноқонуний миграция ва бошқа турдаги жиноятларга қарши курашиш, уларнинг фош этилишига кўмаклашиш ҳамда ушбу йўналишларда тезкор маълумот алмашинувини ташкил этиш бўйича амалий ҳамкорликни кучайтириш ва бошқалар.
Ўзбекистон ИИВ вакили Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда жисмоний ва юридик шахсларнинг жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик, одам савдоси ва ноқонуний миграция масалалари бўйича оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклдаги мурожаатларини қабул қилади ҳамда кўриб чиқади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 13.12.2024 йилдан кучга кирди.