Иқтисодиёт ва молия вазирининг «Давлат органлари ва ташкилотларининг ички аудит хизмати ходимларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи қабул қилинди (12.12.2024 й. АВ рўйхат рақами 3583).
Низом давлат органлари ва ташкилотларида ички аудит хизматлари (кейинги ўринларда - Хизмат) фаолияти самарадорлигини баҳолаш, рағбатлантириш ва рейтингини юритиш тартибини белгилайди.
Хизмат ходимининг самарадорлигини баҳолаш раҳбар томонидан ҳар чоракда амалга оширилади. Шу билан бирга, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ўтказилаётган баҳолашнинг ишончлилигини доимий равишда ўрганиб боради.
Ходим фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари қуйидагилар ҳисобланади:
- бюджет тўғрисидаги қонунчилик бузилиши ҳолатларининг олдини олишдаги натижалар;
- масофавий назоратни амалга оширишдаги натижалар;
- ички аудит йиллик режасида ходим масъул бўлган ички аудит тадбирларининг ўтказилиши;
- ходим томонидан берилган таклиф ва тавсияларнинг ички аудит объектлари томонидан бажарилиши.
Самарадорлик кўрсаткичларини ҳисоблаш натижаларидан келиб чиқиб ходимнинг фаолияти самарадорлигининг йиғма кўрсаткичи қуйидагича баҳоланади:
- 56%гача– «қониқарсиз»;
- 56% дан 71%гача – “қониқарли”
- 71%дан 86% гача “яхши”;
- 86%дан юқори – “аъло”.
Баҳолаш натижалари ходимнинг рейтингини юритишда фойдаланилади
“Яхши” ва “аъло” натижаларни қайд этган ишчилар рағбатлантирилиши мумкин.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 01.01.2025 йилдан кучга киради.
Собир Нурбердиев