Президент 24.12.2024 йилдаги "Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-224-сонли Фармонни имзолади.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси таркибида Навоий, Олмалиқ, Бекобод ва Темир йўл саноат хавфсизлиги инспекциялари ташкил этилди.
2025 йил 1 июлдан юридик шахсларга нисбатан қуйидагилар учун жарималар қўлланилиши жорий этилади:
- хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги талабларини бузганлик учун;
- радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ қоидалар ва бошқа талабларни бузганлик учун;
- истироҳат боғлари аттракционларини эксплуатация қилишда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги қонунчилик ва норматив ҳужжатлар талабларини бузганлик учун.
Ўзбекистон қуйидаги халқаро шартномаларга қўшилишни режалаштирмоқда:
- Ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги тўғрисидаги Вена конвенцияси (Вена, 1963 йил 21 май);
- Ядров авариялари ёки радиациявий авария ҳолатларида ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги конвенция (Вена, 1986 йил 26 сентябрь);
- Ядровий авария ҳақида тезкор хабар бериш тўғрисидаги конвенция (Вена, 1986 йил 26 сентябрь);
- Ядро хавфсизлиги тўғрисидаги конвенция (Вена, 1994 йил 17 июнь).
Бундан ташқари, 2025 йилда қуйидаги қонунларни ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда:
- "Кимёвий хавфсизлик тўғрисида";
- "Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида";
- "Радиоактив чиқиндилар билан муомала қилиш тўғрисида".
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинди ва 27.12.2024 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев