Президент 30.12.2024 йилдаги "Экспортни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларининг Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида"ги ПФ-228-сон Фармонни имзолади.
Президентнинг 7 та ҳужжатига қуйидагиларга қаратилган ўзгартиришлар киритилмоқда:
- экспортни молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш;
- экспорт қилувчи ташкилотларнинг автомобиль, ҳаво ва темир йўл транспортида ташиш харажатларини қоплашни бекор қилиш.
Шу билан бирга, экспорт қилувчи ташкилотларнинг 2024 йил 31 декабргача амалга оширилган экспорти учун субсидия ва компенсациялар 2025 йил 1 февралгача белгиланган тартибда тақдим этилади.
Илгари божхона тўловлари бўйича имтиёзларни 12.01.2018 й. ПҚ-3472-сон 10-б. "а" божхона расмийлаштируви пайтида ишлаб чиқарилганига 3 йилдан 7 йилгача бўлган, тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестициялар ҳисобидан олиб кириладиган технологик ускуналарга нисбатан ҳам қўллашга рухсат берилган эди.
Киритилаётган ўзгартиришлар билан, мазкур имтиёзлар технологик ускуналар олиб кирилган кундан бошлаб дастлабки 2 йил ичида ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида технологик ускуналар харид қилиш учун имтиёз қўлланилиши натижасида бўшайдиган маблағларнинг мақсадли йўналтирилиши шарти билан қўлланилиши аниқлаштирилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 01.01.2025 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев