Вазирлар Маҳкамасининг 30.12.2024 йилдаги ВМҚ-914-сон қарори билан Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан оқилона фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.
Низомда қуйидагилар назарда тутилган:
- тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш, сув ресурсларини ҳисобга олган ҳолда алмашлаб экишни ташкил этиш орқали қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона фойдаланиш;
- тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш, сув ресурсларини ҳисобга олган ҳолда яйлов айланмасини ташкил этиш орқали яйловлардан оқилона фойдаланиш;
- қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан оқилона фойдаланиш ҳолатини баҳолаш ва унинг натижалари бўйича хулосалар тузиш.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан оқилона фойдаланиш мониторинги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва унинг ер тузиш ва ердан фойдаланиш бўйича ҳудудий бўлинмалари ходимлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 14.01.2022 йилдаги "Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда мониторинг ишларини амалга ошириш, ерларни муҳофаза қилиш ва ер тузиш фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида"ги ВМҚ-22-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади.
Алмашлаб экиш – маълум бир вақт давомида ер участкасида қишлоқ хўжалиги экинларини илмий асосланган ҳолда алмашлаб экиш.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан оқилона фойдаланиш қуйидаги мезонлар бўйича баҳоланади:
- тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш (тупроқнинг юқори қатламида умумий гумус, ҳаракатчан фосфор ва алмашинувчи калийнинг оптимал даражасини таъминлаш);
- асосий қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини белгиланган даражада сақлаш ва ошириш;
- сувдан фойдаланиш манбаларини ҳисобга олган ҳолда алмашлаб экиш;
- яйлов айланмасини ҳисобга олган ҳолда яйловлардан фойдаланиш;
- тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш ҳамда ерларни мелиорация қилиш;
- чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун яйловлардан фойдаланишнинг оптимал меъёрларини таъминлаш ва бошқалар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 09.04.2025 йилдан кучга киради.
Лола Абдуазимова