Президентнинг 17.01.2025 йилдаги "2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-12-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан 2025 йил учун аҳолини даромад келтирадиган меҳнат билан таъминлаш дастури тасдиқланди. У қуйидагиларни ўз ичига олади:
- Аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлашнинг йиғма мақсадли кўрсаткичлари;
- Тижорат банклари томонидан аҳолини бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилишнинг мақсадли кўрсаткичлари;
- Ишсиз аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишнинг жамланма мақсадли кўрсаткичлари;
- Аҳолини камбағалликдан чиқаришнинг мақсадли кўрсаткичлари;
- Янги ёндашувлар асосида аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб қилиш ва камбағалликдан чиқариш бўйича "Йўл харитаси".
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига қуйидагиларни амалга ошириш топширилди:
- 20 минг гектар ўрмон фонди ерларида саноат, манзарали ва мевали дарахт турларидан иборат ўрмонлар, кўчатзорлар яратиш ва доривор ўсимликлар етиштириш лойиҳалари;
- умумий майдони 100 гектар бўлган ер участкаларида бруссонетия дарахтини етиштириш бўйича пилот лойиҳалар.
Шунингдек, энг оғир аҳволдаги 300 та маҳалла ҳудудида кооперация асосида 180-500 кВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш кўзда тутилмоқда.
Маҳаллаларда "компания – кооператив – деҳқон хўжалиги" тамойили асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришнинг замонавий усулларини жорий этиш мақсадида намунавий лойиҳалар (рўйхат бўйича) доирасида аҳолига ижара асосида ажратилган ер участкаларида 492 та қишлоқ хўжалиги кооперативи ташкил этилади.
2025 йил 1 апрелдан 2028 йил 1 январгача бўлган даврда қуйидагилар 1 фоиз миқдорида белгиланади:
- янги ташкил этиладиган қишлоқ хўжалиги кооперативлари ва доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш бўйича кооперативлар учун – ижтимоий солиқ ставкаси;
- кўрсатилган кооперативларга ишга қабул қилинганлар учун – жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаси.
Шу билан бирга, "Камбағал оилалар реестри"га киритилган оилалар аъзоларига қишлоқ хўжалиги кооперативлари устав фондига улуш сифатида киритиш учун Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидиялар (БҲМнинг 10 бараваригача) ажратилади.
Ҳужжат билан 2025-2026 йилларда Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида микро-саноат марказларини қуриш лойиҳаларининг манзилли рўйхати ҳам тасдиқланди.
Қарорга мувофиқ хусусий инвесторларни жалб қилиш ва 2025 йил 1 декабргача Тошкент ходимларни бошқариш ва меҳнатни муҳофаза қилиш коллежи негизида умумий қиймати 10 млн АҚШ доллари бўлган Креатив соҳалар кластерини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Креатив соҳалар кластерида бренд-менежер, стартап-менежер, рақамли маркетолог, видеограф-мобилограф, анимация дизайнери, график дизайнер, ландшафт дизайнери ва бошқа 32 та креатив соҳа бўйича мутахассислар тайёрлаш тезкор курслари ташкил этилади.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг касбий кўникмалар марказларида:
- 2025 йил 1 февралдан Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан иш берувчилар буюртмалари ва тижорат банклари мижозларининг эҳтиёжлари асосида меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ишсиз аҳолини манзилли ўқитиш тизими жорий этилади;
- 2025 йил 1 мартдан касбларга ўқитиш ва аҳолини иш билан таъминлаш жараёнларини рақамли назорат қилиш тизими жорий этилади;
- 2025 йил 1 апрелдан 12 та янги касбий йўналиш (рўйхат бўйича) бўйича ўқув курслари ташкил этилади.
Шунингдек, ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- 2025 йил якунига қадар 60 та туман ва шаҳарни ишсизлик ва камбағаллик бартараф этилган ҳудудларга айлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари;
- оғир аҳволдаги 71 та туманда камбағаллик ва ишсизликни тубдан қисқартиришнинг мақсадли кўрсаткичлари;
- камбағаллик ва ишсизликни тубдан қисқартиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.01.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова