Президентнинг 24.01.2025 йилдаги "Туркий давлатлар халқаро университетини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-24-сон қарори қабул қилинди.
Университет Тошкентда туркий давлатлар ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни янада кенгайтириш учун ташкил этилади.
Университет фаолиятининг асосий йўналишлари:
• муҳандислик, қурилиш, логистика, ахборот технологиялари ва дастурлаш, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, шунингдек иқтисодий ва ижтимоий соҳалар учун халқаро стандартларга мувофиқ кадрлар тайёрлаш;
• хорижий, шу жумладан Туркиянинг етакчи олий таълим ташкилотлари билан биргаликда ўқув дастурларини жорий этиш, шунингдек қўшма таълим дастурлари асосида ўқитиш ва илмий тадқиқотлар олиб бориш;
• таълим ва илмий тадқиқотлар, шунингдек талабаларнинг академик мобиллиги ва бошқа йўналишларда етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш.
Университет Республика олий таълим кенгаши ва Туркия олий таълим кенгаши муассислигидаги нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади.
2025/2026 ўқув йилидан бошлаб, Университетда таълим жараёни таълим соҳасидаги халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингида топ-1000га кирган ҳамда ўз йўналишида етакчи бўлган Туркия ОТМларининг ўқув дастурлари асосида ташкил этилади.
Университетда талабаларни ўқитиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади, қабул параметрлари ва тўлов-контракт миқдори Университет томонидан белгиланади.
Университет фаолиятини йўлга қўйиш ва мувофиқлаштириш бўйича бошқарув кенгаши ташкил этилади. Ҳужжат билан бошқарув кенгашининг таркиби ва вазифалари тасдиқланди.
Бундан ташқари қарорга кўра Тошкент солиқ техникуми ва Тошкент иқтисодиёт ва саноат техникуми негизида Тошкент иқтисодиёт ва солиқ техникуми ташкил этилади.
Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинди ва 27.01.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова