Президент томонидан 30.01.2025 йилдаги «Чорвачилик ва паррандачиликни қўллаб-қувватлаш, соҳада юқори қўшилган қиймат яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-34-сон Қарор имзоланди.
2025 йил 1 апрелдан 2028 йил 1 январга қадар чорвачилик ва паррандачилик хўжаликлари томонидан Давлат бюджетига тўланган қўшилган қиймат солиғининг 50 фоизини ҳар ойнинг 25 санасига қадар қайтариш тартиби жорий этилади. Бунда ушбу тартиб ишлаб чиқарилган гўшт, сут, парранда гўшти ҳамда тухумни реализация қилишдан тушган умумий тушум жами товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олган даромадининг камида 90 фоизини ташкил қиладиган чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларига нисбатан татбиқ этилади.
Паррандачилик соҳасида аҳоли хонадонлари билан кооперация асосида ишлаш тизимини молиялаштириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 50 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағи «Микрокредитбанк» АТБнинг устав капиталини оширишга йўналтирилади. Бунда:
- мазкур маблағлар ҳисобига барча ҳудудларда паррандачиликнинг гўшт ва тухум йўналишида кооперация тизими асосида 1 млн аҳолини иш билан таъминлаш бўйича «Парранда боқиш даромад топиш» лойиҳаси амалга оширилади;
- ушбу лойиҳа аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида кам қувватда ишлаётган корхоналарни молиявий соғломлаштириш, тижорат банклари балансидаги хўжаликларни салоҳиятли йирик корхоналарга бириктириш, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш тармоқлари ўртасида кооперация тизимини ташкил этиш ҳамда янги лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобига амалга оширилади.
2028 йил 1 январга қадар паррандачилик наслчилик корхоналари томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб кириладиган хўжаликларга жўжаларни етказиб беришда фойдаланиладиган моторли транспорт воситаларига (ТИФ ТН коди 8704 22 9209) импорт божхона божи миқдори 5 фоиз этиб белгиланади.
Шунингдек шу давргача наслчилик корхоналари учун уларнинг асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари), мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни 50 фоизга пасайтирилган ставкада тўлаш шаклидаги солиқ имтиёзларининг амал қилиш муддати узайтирилади.
Чорва ҳайвонлари, жумладан, қорамол, қўй-эчкилар ва наслдор отларнинг эмбрионларини тайёрлаш учун ветеринария дори воситаларини, шунингдек, давлат ветеринария лаборатория текширувларида қўлланадиган ташхис тест тизимларини олиб киришда ветеринария дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказганлик гувоҳномасини беришда кўрсатиладиган пулли хизмат учун ҳақ ундириш бекор қилинмоқда.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 31.01.2025 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев