Президент 27.01.2025 йилдаги "Уй-жой қурилиши соҳасини янада ривожлантириш ва турар ва нотурар жой объектларни улуш киритиш асосида қуриш жараёнини тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-11-сон Фармонни имзолади.
Уй-жой ва нотурар жой объектларни улушли иштирок асосида қуриш жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатлаш учун қуйидагиларни назарда тутувчи "Уй-жойнинг ягона ҳаёт цикли" тамойили жорий этилмоқда:
• уй-жой ва нотурар жой объектларни улуш киритиш асосида қуриш жараёнида жисмоний ва юридик шахслар (улушдор) ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш;
• мавжуд ер ресурсларидан самарали (интенсив) фойдаланган ҳолда уй-жой қурилишини ташкил этиш;
• уй-жой қурилиши соҳасидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш муддатларини қисқартириш;
• уй-жойларни улуш киритиш ва ипотека кредити асосида сотиб олишнинг ишончли ва самарали имкониятини яратиш;
• уй-жой қурилишида энергия тежамкор қурилиш материалларидан фойдаланишни оммалаштириш.
"Уй-жойнинг ягона ҳаёт цикли" тамойили доирасида 2025 йил 1 июлдан бошлаб қурилиш-пудрат ташкилотлари, девелоперлар ва буюртмачилар (қурувчилар) томонидан объектларни қуришда улушдорларнинг пул маблағларини жалб қилиш фақат кадастр органларида давлат рўйхатидан ўтказилган, нотариал тасдиқланган улушли иштирок асосидаги қурилиш шартномаси асосида амалга оширилади.
Бунда улушли иштирок шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб қурилиш-монтаж ишлари якунланган объектни томонлар биргаликда фойдаланишига рухсат берилгунга қадар:
• улушли иштирок шартномаси бўйича улушдорнинг талаб қилиш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказишга, шунингдек улушли иштирок шартномасини гаров предмети сифатида қабул қилишга рухсат берилади ва у кадастр органларида рўйхатдан ўтказилади;
• улушли иштирок шартномасига асосланган мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлар улушдорнинг мерос таркибига киради.
Улушли иштирок шартномаси бўйича маблағлар уларни ҳисобга олиш учун улушдор томонидан банкдаги эскроу ҳисобрақамига жойлаштирилади ва депонентланади. Бунда улушдорларнинг учинчи шахслар олдидаги мажбуриятлари ва қурувчининг мажбуриятлари бўйича эскроу ҳисобрақамидаги маблағларни тўхтатиб туриш, ҳибсга олиш ёки ҳисобдан чиқаришга йўл қўйилмайди.
Объектни қуриш бўйича ишларни молиялаштириш қурувчининг ўз маблағлари ёки тижорат банклари томонидан лойиҳавий молиялаштириш орқали ажратиладиган кредит маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Шунингдек, биринчи босқичда объектни қуриш бўйича умумий иш ҳажмининг камида 30 фоизини ўз маблағлари ҳисобидан бажарганидан сўнг тижорат банки томонидан қурувчига мақсадли кредит ажратиш тизими жорий этилмоқда.
Қурилиш-монтаж ишлари якунланган объектни фойдаланишга топшириш учун рухсат берилганидан сўнг эскроу ҳисобрақамига депонентланган маблағлар банк томонидан қурилиш учун қурувчига ажратилган кредитни сўндиришга йўналтирилади, қолган қисми қурувчига ўтказилади.
2025 йил 1 июлдан 2025 йил 31 декабргача бўлган даврда қурилиш учун улушдорлар маблағларини жалб қилиш томонларнинг танловига кўра эскроу ҳисобрақамлари ва бугунги кунда амал қилаётган тўғридан-тўғри жалб қилиш механизми асосидаги улушли иштирок тартиби орқали параллел равишда амалга оширилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 01.02.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова