Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг «Қимматли қоғозлар бозорида андеррайтинг фаолияти тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи қабул қилинди (28.02.2025 йилда рўйхатдан ўтган, рўйхат рақами 3610).
Андеррайтинг – эмитентнинг қимматли қоғозларини чиқарилишини ташкиллаштириш ва/ёки кафолатли жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш фаолияти.
Андеррайтер томонидан қимматли қоғозларни кафолатли жойлаштириш турлари қуйидагилардан иборат:
- тўлиқ кафолатли жойлаштириш – чиқарилган барча қимматли қоғозларнинг жойлаштирилиши;
- қисман кафолатли жойлаштириш – чиқарилган қимматли қоғозларнинг 10%дан кам бўлмаган қисмининг жойлаштирилиши.
Эмитент ва андеррайтер ўртасидаги қимматли қоғозларни жойлаштириш жараёнидаги ўзаро муносабатлар шартнома билан белгиланади.
Шартноманинг мажбурий шартлари:
- қимматли қоғозларни жойлаштириш шартлари ва андеррайтинг хизматининг хусусияти;
- эмитент ва андеррайтер (бирлашма) ўртасида қимматли қоғозларни жойлаштириш жараёнида ўзаро муносабатларнинг шартлари ва тартиби;
- эмитент билан андеррайтер (бирлашма) ўртасида қимматли қоғозларни жойлаштиришдан кейинги ўзаро муносабатларнинг шартлари ва тартиби (иккиламчи бозорда жойлаштирилган қимматли қоғозларни андеррайтер (бирлашма) томонидан қўллаб-қувватлаш);
- андеррайтинг хизматлари учун ҳақ тўлаш миқдори ва тартиби;
- қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа шартлар.
Қимматли қоғозларни жойлаштириш жараёнида андеррайтер томонидан қуйидагиларга йўл қўйилмайди:
- инвесторлар учун аҳамиятга эга бўлган ахборотни лозим даражада ошкор қилмасдан туриб андеррайтинг хизматларини амалга ошириш;
- қимматли қоғозлар бозорининг алоҳида бир иштирокчиларига ёки инвесторларга бошқаларга нисбатан имтиёзли ҳуқуқларни тақдим этиш, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно;
- эмитент билан тузилган шартноманинг шартларини бажармаслик, лозим даражада бажармаслик ва (ёки) ўз вақтида бажармаслик;
- эмитентга, бирлашма бўйича ҳамкорларига ёки инвесторларга зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатлар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 01.03.2025 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев