Президентнинг 24.02.2025 йилдаги "Статистика ишларини ташкил этиш ва юритиш тизимини янги босқичга олиб чиқиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-27-сон Фармони ва "Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-75-сон Қарори қабул қилинди.
Статистика ишлари самарадорлигини янада оширишнинг қуйидаги устувор йўналишлари белгиланди:
- макроиқтисодиёт ва тармоқлар даражасида статистик кузатув ўтказиш тизимини ҳамда уларнинг методологиясини халқаро стандарт ва тавсияларга мувофиқ такомиллаштириб бориш;
- интеграция жараёнларини кенгайтириш орқали статистик ҳисоботларни қисқартириш ва бизнесга ҳисобот топшириш юкини камайтириб бориш;
- "Маҳалладан - республикагача" тамойили бўйича статистика кўрсаткичларини шакллантириш тизимини яратиш орқали маълумотларнинг ишончлилигини таъминлаш;
- хорижий статистика органлари ҳамда соҳага оид халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, улар ёрдамида кадрлар салоҳиятини ошириш;
- аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари эҳтиёжидан келиб чиқиб янги статистик маҳсулот ва хизматларни жорий этиш.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси сифатида қайта ташкил этилди.
Республика статистика кенгаши ташкил этилди ва унинг таркиби тасдиқланди. У расмий статистикани юритиш тизимини ривожлантириш, мувофиқлаштириш ва фаолият кўрсатишига оид масалалар бўйича коллегиал маслаҳат органи ҳисобланади.
Шунингдек, Фармон билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Миллий статистика қўмитаси ҳамда вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш бўйича "йўл харитаси";
- Миллий статистика қўмитаси ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳ таркиби.
Бизнес учун ҳисобот юкини камайтириш
2025 йил якуни бўйича ҳисобот давридан бошлаб қуйидагилар назарда тутилади:
- ходимлар сони йиллик ўртача 5 кишидан кам бўлган ва (ёки) йиллик тушуми БҲМнинг 2 000 баробаригача бўлган микрофирма ва кичик корхоналар учун йиллик статистика ҳисоботини топшириш мажбуриятини бекор қилиб, ҳар уч йилда бир маротаба статистик ҳисобот топширилишини белгилаш (бундан давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналар, дастурларга киритилган ва акциз солиғи тўловчи субъектлар мустасно);
- Миллий статистика қўмитаси томонидан мазкур микрофирма ва кичик корхоналар фаолияти бўйича маълумотларни Солиқ қўмитасининг ахборот тизимидан олиб, статистик кўрсаткичларни шакллантириш;
- етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича статистик кўрсаткичларини шакллантиришда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Кадастр агентлиги ҳамда тегишли давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ва маъмурий маълумотларидан фойдаланиш.
Статистика маълумотларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш
2026 йил 1 январдан бошлаб статистика органларида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда қуйидаги интерактив хизмат турлари жорий этилиши режалаштирилмоқда:
- ҳисоботларни топширишда корхона ва ташкилотларга маслаҳат берувчи "Маслаҳатчи" интерактив хизмати;
- фойдаланувчиларга статистика маълумотларини тез излаб топишга кўмаклашувчи "Таҳлилчи" консультатив хизмати;
- статистик кузатувларни телефон ёрдамида ўтказиш имконини берувчи "Call-марказ" фаолияти.
Миллий статистика тизимини трансформация қилиш
Миллий статистика қўмитаси тузилмасида "Миллий статистика тизимини трансформация қилиш" офиси ташкил этилади. У қуйидаги устувор йўналишларда янги механизмларни жорий қилишга масъул этиб белгиланади:
- ички ва ташқи фойдаланувчилар учун зарур бўлган статистика маълумотларини, шу жумладан, аҳоли даромадлари ва уларнинг манбаларини баҳолаш услубиётини такомиллаштириш;
- микро даражада кузатувларни амалга ошириш ва статистик кўрсаткичларни шакллантириш услубиётини ишлаб чиқиш;
- Миллий статистика қўмитаси билан расмий статистикани тайёрловчи бошқа давлат органлари ўртасида самарали ҳамкорлик ва услубий мувофиқлаштиришни йўлга қўйиш;
- статистика маълумотларидан фойдаланувчилар билан самарали қайта алоқани жорий этиш;
- соҳада фаолият юритаётган илмий муассасалар, тадқиқотчилар ҳамда нуфузли халқаро консалтинг ташкилотлари билан статистика ишларини ташкил этиш ва юритиш бўйича самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш;
- халқаро ташкилотлар иштирокида статистика органлари ходимларининг салоҳиятини ошириш ишларини ташкил этиш;
- статистика соҳасини ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкил этиш.
Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитасининг ташкилий тузилмаси;
- Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси тўғрисидаги низом;
- Республика статистика кенгаши тўғрисидаги низом;
- Расмий статистика соҳасида ислоҳотларни янада чуқурлаштириш бўйича "Йўл харитаси".
Ҳужжатлар Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 01.03.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова