Президент томонидан 18.04.2025 йилдаги «Ишлаб чиқариш, экспорт ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, савдо ва саноат сиёсати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-67-сон Фармон имзоланди.
Хавф даражаси юқори бўлган маҳсулотларни мажбурий давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби бекор қилиниб, уларга мувофиқлик тўғрисидаги декларация расмийлаштириш тартиби жорий этилади;
2025 йил 1 майдан бошлаб мувофиқлик декларациясини сертификатлаштириш органларида рўйхатдан ўтказиш тартиби бекор қилинади. Кўрсатилган санадан бошлаб декларацияни шакллантириш ва ҳисобга олиш Техник жиҳатдан тартибга солиш ахборот тизими орқали амалга оширилади.
2025 йил 1 августдан озиқ-овқат маҳсулотлари учун техник регламентлар ва стандартларнинг мажбурийлиги бекор қилинади. Кўрсатилган муддатгача Алиментариус кодекси стандартлари асосида энг устувор озиқ-овқат маҳсулотлари учун санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари ишлаб чиқилади.
Санитария-эпидемиология ва давлат ветеринария назорати, ўсимликлар карантини ва техник жиҳатдан тартибга солиш рўйхатларидан айрим товарлар чиқариб ташланмоқда (рўйхат билан бу ерда танишиш мумкин).
2025 йил 1 октябрдан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган хушбўйлаштирувчи ва ранг берувчи қўшимчаларсиз оқ шакарга акциз солиғи бекор қилинади.
20 нафар ва ундан ортиқ ходими бўлган юридик шахсларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва ижара тўловининг ҳисобланган суммаларини 2025 йил 15 июль ва 1 декабрга қадар бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 18.04.2025 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев