Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzМожет ли иностранное юрлицо торговать на местных маркетплейсах без регистрации в Узбекистане Что делать, если при выставлении ЭСФ возникает ошибка «Покупатель не является вашим клиентом» Как учесть передачу материалов по договору займа Как предприятиям оптовой и розничной торговли работать с маркированными прохладительными напитками

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

15.09.2014

Лойиҳа

 

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

 

 

 

Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида

 

 

 

 

 

 

1-боб.  Умумий қоидалар

 

1-модда.  Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади инвестиция ва пай фондларини тузиш
ва уларнинг фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

 

2-модда.  Инвестиция ва пай фондлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Инвестиция ва пай фондлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун
ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг инвестиция ва пай фондлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

 

3-модда.  Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

инвестиция активлари  –  инвестиция ёки пай фондлари инвестиция портфелидаги пул маблағлари, шу жумладан омонатлар, қимматли қоғозлар, улушлар ва кўчмас мол-мулк;

инвестиция декларацияси  –  ишончли бошқарув шартномасининг узвий қисми ҳисобланган инвестиция ва пай фондлари инвестиция активларининг таркибига қўйиладиган талабни ўз ичига олган ҳужжат;

инвестиция паи  –  номинал қийматга эга бўлмаган ҳамда пай фондида мулкдорнинг улушини тасдиқлайдиган ноэмиссиявий ҳужжатсиз қимматли қоғоз;

инвестиция ва пай фондлари иштирокчилари  –  инвестиция фондлари акциядорлари ва пай фондларининг инвестиция пайлари эгалари;

инвестиция фонди  –  инвесторларнинг пул маблағларини жалб қилиш
ва уларни инвестиция активларига қўйиш мақсадида акциялар чиқарадиган акциядорлик жамияти;

ишончли бошқарувчи  –  ишончли бошқарув шартномасига асосан инвестиция ёки пай фондлари инвестиция активларининг ишончли бошқарувини амалга оширувчи юридик шахс;

ишончли бошқарув шартномаси  –  ишончли бошқарувчи ва инвестиция фонди ўртасида ёхуд ишончли бошқарувчи ва пай фонди таъсисчилари (инвесторлар) ўртасида имзоланадиган, ишончли бошқарувдаги чекловлар, мукофотлаш ва харажатларни қоплаш тартибини, шартномани бекор қилишнинг асоси ва шартларини, томонларнинг жавобгарлиги ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа қоидаларни назарда тутувчи шартнома;

пай фонди  –  умумий улушли мулк ҳуқуқи асосида пай эгаларига тегишли бўлган ва ишончли бошқарувчининг бошқарувида бўлган инвестиция пайлари тўлови ҳисобига олинган пул маблағлари йиғиндиси, шунингдек сотиш ва сотиб олишдан даромад ва дивиденд (фоиз) кўринишида фойда олиш мақсадида уларни қимматли қоғозлар ва бошқа инвестиция активларига инвестиция қилиш натижасида олинган бошқа активлар;

пай фонди ҳужжатлари  –  инвестиция декларацияси, ишончли бошқарувчи билан шартнома ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳужжатлар;

қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи  –  Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази.

 

4-модда.  Инвестиция ёки пай фондлари номи

Инвестиция ёки пай фонди номлари “инвестиция фонди” ёки “пай фонди” сўзлари ва фонд номини ўз ичига олиши керак.

Бунда пай фонди номи инвестиция қилинадиган соҳага (масалан акция, облигация, учун хомашё бозорлари, юқори технологиялар ва бошқалар) йўлланмани ўз ичига олиши керак.

Инвестиция ва пай фондлари ҳисобланмаган бошқа ҳар қандай юридик
ва жисмоний шахслар (якка тартибдаги тадбиркорлар) ўз номида “инвестиция фонди” ёки “пай фонди” сўзларини кўрсатилган ёки бошқа тилда ўзгартирилган кўринишда ишлатишга ҳақли эмас.

 

5-модда.  Ишончли бошқарувчи фаолияти

Ишончли бошқарувчи ўз фаолиятини қимматли қоғозлар бозорида инвестиция активларини ишончли бошқарувчи сифатида профессионал фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия асосида амалга оширади.

Ишончли бошқарувчи унинг томонидан бошқариладиган инвестиция активлари ўртача йиллик қийматининг камида беш фоизи миқдорида ўз моддий активларига эга бўлиши керак.

Мазкур Қонун ва ишончли бошқарув шартномасида кўзда тутилган доирада инвестиция активларини ўз бошқарувига қабул қилган ишончли бошқарувчи уларга нисбатан мулкдорнинг барча ҳуқуқларини амалга оширади.

Ишончли бошқарувчи унинг бошқарувида бўлган фондларнинг акциялари ва (ёки) пайларини олишга ҳақли эмас.

Ишончли бошқарувчи инвестиция ва пай фондлари ташкил этилишининг асосий принципларига риоя этиши шарт бўлиб, у томондан мазкур Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари қоидалари бузилиши натижасида зарар етказилган тақдирда
у инвестиция ва пай фондлари иштирокчилари олдида етказилган ҳақиқий зарар миқдорида жавобгар бўлади.

Ишончли бошқарув хизмати учун ишончли бошқарувчига инвестиция
ёки пай фонди маблағлари ҳисобидан чоракларга бўлинган ҳолда бир йилга аниқ белгиланган сумма ёки бошқарилаётган инвестиция активларидан олинган даромадга нисбатан фоиз кўринишида белгиланадиган асосий ҳақ тўланади. Асосий ҳақга қўшимча мукофот ҳам тўланиши мумкин.

Асосий ҳақ ва қўшимча мукофотнинг умумий миқдори ва уларни тўлашнинг хусусиятлари ишончли бошқарув шартномаси билан белгиланади.

 

6-модда.  Ишончли бошқарувчи фаолиятининг ички назорат механизми

Ишончли бошқарувчи ўзининг фаолиятини ушбу Қонун ва ишончли бошқарув шартномаси талабларига мувофиқлиги юзасидан ички назоратни ташкил этиши шарт.

Ички назорат ишончли бошқарувчининг ички аудит хизмати томонидан амалга оширилиб, унинг таркиби ва шаклланиш тартиби ишончли бошқарувчи уставида белгиланади.

Ички аудит хизмати ташкил этилаётган инвестиция ва пай фондларига маблағлар жалб этилишида суиистеъмол қилиниш эҳтимолини бартараф этиш мақсадида инвестиция ва пай фондларини ташкил этиш мақсади ва улар томонидан жалб қилинаётган маблағларнинг мақсадли сарфланишининг риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишга мажбурдир.

Акциядорлик жамияти шаклидаги ишончли бошқарувчи ички аудит хизматининг фаолият тартиби Ўзбекистон Республикасининг “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунида, бошқа ҳолларда эса ишончли бошқарувчининг уставида белгиланади.

 

7-модда.  Ишончли бошқарув шартномаси

Инвестиция активларини ишончли бошқариш ишончли бошқарув шартномасига асосан ва унга мувофиқ амалга оширилади ҳамда:

инвестиция фондлари учун  –  акциядорлар умумий йиғилиш қарорига асосан инвестиция фонди кузатув кенгаши раиси томонидан;

пай фондлари учун  –  пай фонди тузилишида муассислар томонидан, кейинчалик эса – инвестор томонидан шартномага қўшилиш йўли билан тузилади.

Инвестиция фонди томонидан ишончли бошқарув шартномасини бир вақтнинг ўзида бир нечта ишончли бошқарувчи билан тузилишига йўл қўйилмайди.

Ишончли бошқарув шартномасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек уни бекор қилиш ёки амал қилишини тўхтатиш қонун ҳужжатларида кўзда тутилган тартибда амалга оширилади.

 

8-модда.  Инвестиция декларацияси

Инвестиция декларациясида қуйидагилар бўлиши керак:

инвестиция ёки пай фондларининг пул ва бошқа маблағларидан фойдаланишнинг энг юқори тижорат самарадорлигига эришишни кўзда тутадиган инвестиция ёки пай фондларини тузиш ва унинг фаолияти мақсади;

инвестиция ёки пай фондларининг пул ва бошқа маблағларини инвестиция қилиш мумкин бўлган инвестиция активлари рўйхати;

инвестиция рисклари тавсифи;

ишончли бошқарув шартномаси амал қиладиган бутун муддат давомида ишончли бошқарувчи амал қилиш мажбур бўлган инвестиция активлари таркиби тўғрисидаги маълумотлар (ҳар хил турдаги ва эмитентдаги қимматли қоғозлар нисбати, шунингдек қимматли қоғозлар, пул маблағлари ва инвестиция активларининг бошқа турлари ўртасидаги нисбат);

инвестиция декларацияси қоидалари амал қиладиган ишончли бошқарувчи ва инвестиция ёки пай фондлари томонидан амал қилиниши учун мажбурий ҳисобланган муддат;

пай фонди инвестиция паи эгаларининг умумий йиғилиши ваколатлари тўғрисидаги қоидалар, инвестиция паи ҳар бир эгасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда ишончли бошқарувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари.

Инвестиция декларацияси, унга киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар акциядорлар умумий йиғилиши ёки пай фонди барча муассислари (инвестиция паи эгалари) қарорига асосан тасдиқланади ва тасдиқланган кундан ўн кун мобайнида қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органига тақдим этилади.

 

2-боб.  Инвестиция фонди

 

9-модда.  Инвестиция фондини тузиш

Инвестиция фонди янгидан таъсис этиш ёки бошқа инвестиция фондини қайта ташкил этиш йўли билан тузилади. Инвестиция фондини инвестиция фонди ҳисобланмаган бошқа юридик шахсни қайта ташкил этиш орқали тузишга йўл қўйилмайди.

Инвестиция фонди устав капиталининг энг кам миқдори инвестиция фонди давлат рўйхатидан ўтказилган санада Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг курси бўйича тўрт юз минг АҚШ долларига тенг суммадан камни ташкил этмаслиги керак.

Инвестиция фонди тижорат ташкилоти бўлиб, у алоҳида мол-мулкка,
шу жумладан ўзининг устав капиталига берилган мол-мулкка эга бўлади.

Инвестиция фонди фақат акциядорлик жамияти шаклида тузилади
ва ўз фаолиятини амалга оширади.

Юридик ва жисмоний шахслар инвестиция фондининг муассислари (акциядорлари) бўлишлари мумкин.

Инвестиция фондини давлат рўйхатидан ўтказиш фонднинг устав капитали тўлиқ тўлангандан кейин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Инвестиция фонди тузилишида унинг акцияларига ҳақ тўлаш пул маблағлари, қимматли қоғозлар, шунингдек кўчмас ва бошқа мол-мулк билан амалга оширилади. Бунда, унинг устав капиталининг камида 75 фоизи пул шаклида тўланиши керак.

Инвестиция фондининг акцияларини жойлаштириш фонд биржасида амалга оширилади (бундан унинг муассислари ўртасида ёпиқ обуна орқали жойлаштириладиган акцияларнинг биринчи чиқарилиши мустасно).

 

10-модда.  Инвестиция фондини бошқариш

Инвестиция фондининг бошқарув органлари бўлиб акциядорлар умумий йиғилиши, кузатув кенгаши ва ижроия органи вазифасини бажарувчи ишончли бошқарувчи ҳисобланади.

Инвестиция фондининг акциядорлар умумий йиғилиши ва кузатув кенгаши ваколатлари акциядорлик жамиятлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, фонднинг устави ҳамда акциядорлар умумий йиғилиши ва кузатув кенгаши тўғрисидаги низомларда белгиланади.

Инвестиция фонди акциядорларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикасининг “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун билан белгиланади.

Ишончли бошқарувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун ҳужжатлари, инвестиция фонди устави, ишончли бошқарув шартномаси ва инвестиция фондининг ижроия органи тўғрисидаги низомда белгиланади. Бунда ижроия органи вазифасини ишончли бошқарувчи амалга оширади.

 

11-модда.  Инвестиция фонди фаолияти

Инвестиция фонди ўз фаолиятида мазкур Қонун, бошқа қонун ҳужжатлари, фонднинг устави, инвестиция декларацияси ва акциядорлар умумий йиғилиши томонидан тасдиқланадиган бошқарув органлари тўғрисидаги низомларга амал қилади.

Инвестиция фондини ташкил этишнинг асосий принциплари инвестиция амалга оширилганда даромад миқдорини йўқотиш рискига мутаносиблиги асосланган фонднинг аниқ инвестиция сиёсатини, шунингдек диверсификация қилиш йўли билан ҳар бир инвестиция йўналиши бўйича рискларни пасайтиришнинг аниқ механизмини назарда тутиши лозим.

Инвестиция фонди ўз фаолиятини фақат тегишли лицензия олингандан сўнг амалга оширишга ҳақли.

Инвестиция фондининг аффиланган шахслари, шунингдек улар билан битим тузиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг “Акциядорлик жамиятлари
ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун билан белгиланади.

Инвестиция фонди қуйидагиларга ҳақли эмас:

облигациялар ва имтиёзли акциялар чиқариш;

фонд соф активларининг 10 фоизидан ортиғини бир эмитентнинг қимматли қоғозларига ёки масъулияти чекланган жамиятининг улушига инвестиция қилиш;

кредит ва/ёки қарз битими имзоланган санада узилиши шарт бўлган қарзларнинг умумий миқдори инвестиция фонди соф активларининг қийматидан 15 фоиз ошиб кетган ҳолларда кредит ва/ёки қарз маблағларини жалб этиш. Кредит ва/ёки қарз муддати уч ойдан ошиб кетмаслиги керак;

кафил бўлиш, мулк ёки мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини гаровга қўйиш;

ташкилий-ҳуқуқий шакли улар иштирокчиларининг қўшимча жавобгарлигини назарда тутувчи юридик шахсларнинг қимматли қоғозларига инвестиция қилиш;

фонднинг инвестиция активларини ишончли бошқарувчиси, аудиторлик ташкилоти томонидан чиқарилган қимматли қоғозларга инвестиция қилиш, шунингдек уларнинг устав капиталидаги улушни олиш;

бошқа фондларнинг акцияларини сотиб олиш ва сақлаш;

инвестиция фаолияти билан боғлиқ бўлмаган битимларни тузиш, опцион
ва фюъчерсларни олиш;

умумий суммаси фонд соф активларининг 10 фоизидан ортиғини қимматли қоғозлардан бошқа йўналишларга инвестиция қилиш;

инвестиция фонди устави ва инвестиция декларациясида, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонунида тақиқланган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш.

 

12-модда.  Инвестиция фондини қайта ташкил этиш

Инвестиция фонди юридик шахснинг бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларига инвестиция фонди сифатидаги фаолияти тугатилмасдан ўзгартиришга ҳақли эмас.

Инвестиция фондини қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш йўли билан қайта ташкил этиш акциядорлик жамиятлари
ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

 

13-модда.  Инвестиция фондини тугатиш

Инвестиция фондини тугатиш Ўзбекистон Республикасининг “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Инвестиция фонди ишончли бошқарувчисиз уч ой мобайнида фаолият юритиши мумкин, бу муддат давомида кузатув кенгаши янги ишончли бошқарувчи ёллаши ва у билан тегишли шартнома тузиши керак, акс ҳолда кўрсатилган муддат тугаши билан у инвестиция фондини ихтиёрий тугатиш ташаббуси билан чиқишга мажбур.

 

14-модда.  Инвестиция фондининг ҳисоб ва ҳисоботи

Инвестиция фонди томонидан чиқарилган ва олинадиган ҳужжатсиз қимматли қоғозларнинг ҳисоби Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсида амалга оширилади.

Инвестиция активлари ишончли бошқарувчида алоҳида балансда акс эттирилади ва у бўйича мустақил ҳисоб юритилади. Ишончли бошқарув билан боғлиқ фаолият бўйича ҳисоб-китоблар учун алоҳида банк ҳисоб рақами очилади.

Инвестиция фондининг бухгалтерия ҳисобини юритиш ҳамда молия, солиқ ва бошқа ҳисоботларини тузиш ишончли бошқарувчи томонидан амалга оширилади.

Ишончли бошқарувчи фонд инвестиция активларининг алоҳида ҳисобини юритади, уларнинг бутунлиги ва сақланишини таъминлайди, шунингдек инвестиция фондининг молия, солиқ ва бошқа ҳисоботларининг тўғрилиги
ва аниқлиги учун жавобгар бўлади.

 

3-боб.  Пай фонди

 

15-модда.  Пай фондини тузиш

Пай фонди юридик шахс ҳисобланмайди, уни тузиш муассислар томонидан фонднинг инвестиция паига тўланадиган ҳақ ҳисобига ишончли бошқарувчининг алоҳида банк ҳисоб рақамига пай фонди муассисларининг пул маблағларини йиғиш йўли билан амалга оширилади. Пай фонди муассислари сони иккита шахсдан кам бўлиши мумкин эмас.

Пай фонди муассислари томонидан пул маблағларини киритиш инвестиция паининг ҳамма учун бир хил бўлган нархида ишончли бошқарувчининг алоҳида банк ҳисоб рақамига амалга оширилади.

Пай фондини ишончли бошқариш шартномасининг амал қилиш муддати беш йилдан ошмаслиги керак. Инвестиция паи эгаларининг умумий йиғилиш қарорига асосан ишончли бошқарув шартномасининг амал қилиш муддати ишончли бошқарув шартномасига тегишли ўзгартириш киритиш йўли билан бир йилдан кўп бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

Пай фонди ҳисобга қўйилган ва тегишли ахборотлар қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси расмий веб-сайтларида эълон қилинган пайтдан эътиборан тузилган деб ҳисобланади.

Пай фонди инвестиция пайларининг эгалари бўлиб, унинг муассислари, пай фондига қўшилган инвесторлар, шунингдек инвестиция паи мулкдори ўзгарганда инвестиция паини олган шахс ҳисобланади.

Пай фонди инвестиция паи эгаси бўлиш ниятида бўлган шахс унинг қўйилмаси бошқа пай фонди инвестиция пайлари эгаларининг мол-мулки билан бирлашиш шарти билан пай фонди таркибига кириш учун ишончли бошқарувчидан инвестиция паини сотиб олади.

 

16-модда.  Пай фондини ҳисобга қўйиш

Пай фондини тузиш пайтида уни ҳисобга қўйиш Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан ишончли бошқарувчининг пай фондини ташкил этиш тўғрисидаги аризасига асосан амалга оширилади.

Пай фондини ҳисобга қўйиш Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан тегишли буйруқ қабул қилиш ва унга пай фондлари ягона реестрида идентификация рақамини бериш йўли билан амалга оширилади.

Пай фонди уни тузиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан уч ой ичида ҳисобга қўйилиши керак. Агар пай фонди белгиланган муддатда ҳисобга қўйилмаган бўлса, унда муассисларнинг маблағлари беш иш куни мобайнида ишончли бошқарувчи томонидан қайтарилади, пай фонди ҳужжатлари эса ҳақиқий эмас деб топилади.

Пай фондини ҳисобга қўйишда унинг муассисларига, кейинчалик пай фонди инвестиция паи эгаларига Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсида депо ҳисобварағи очилади. Депо ҳисобварақда уларга тегишли бўлган инвестиция паи ҳуқуқи ҳисоби юритилади.

 

17-модда.  Пай фондини ташкил этиш ва бошқаришнинг асосий принциплари

Пай фондини ташкил этиш ва бошқаришнинг асосий принциплари инвестиция амалга оширилганда даромад миқдорини йўқотиш рискига мутаносиблиги асосланган фонднинг аниқ инвестиция сиёсатини, шунингдек диверсификация қилиш йўли билан ҳар бир инвестиция йўналиши бўйича рискларни пасайтиришнинг аниқ механизмини назарда тутиши лозим.

Пай фондини бошқариш пай фонди инвестиция паи эгаларининг умумий йиғилиши ва ишончли бошқарувчи томонидан амалга оширилади.

Инвестиция паи эгаларининг умумий йиғилиши ваколатлари, шунингдек инвестиция паи ҳар бир эгасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ишончли бошқарув шартномаси билан белгиланади.

Ишончли бошқарувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ишончли бошқарув шартномаси билан белгиланади.

 

18-модда.  Пай фондининг мол-мулкини тасарруф этиш

Ишончли бошқарувчи пай фонди Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсига ҳисобга қўйилгунга қадар пай фонди муассисларининг пул маблағларини тасарруф этишга ҳақли эмас.

Пай фонди пул маблағлари ишончли бошқарувчи раҳбари ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг ваколатли мансабдор шахси томонидан бир вақтда имзоланадиган тўлов ҳужжати асосида сарфланади. Шахсларнинг имзолари кўрсатилган ташкилотлар муҳри билан тасдиқланади.

Пул маблағларини ва бошқа инвестиция активларини ишлатишнинг мақсади ва йўналишлари ишончли бошқарув шартномаси ва инвестиция декларацияси шартларига мувофиқ бўлиши керак.

Инвестиция активлари бўйича олинган даромадлари пай фонди инвестиция паи эгалари ўртасида йилда бир марта тақсимланади ёки бир овоздан қабул қилинган пай фонди инвестиция пайлари эгаларининг умумий йиғилиши қарори билан реинвестиция қилинади. Пай фонди инвестиция паи эгаларига даромадларни тўлаш ишончли бошқарувчи томонидан амалга оширилади.

Ишончли бошқарувчи томонидан пай фонд номидан ва ҳисобидан тузиладиган шартномалар Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсида рўйхатдан ўтказилиши керак.

 

19-модда.  Инвестиция паини чиқариш ва жойлаштириш

Пай фонди муассислари томонидан пул маблағлари киритилгандан ва пай фонди ҳисобга қўйилгандан сўнг Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан кейинчалик пай фонди инвестиция паи эгалари депо ҳисобварақлари бўйича ёзувни яратиш орқали мазкур чиқарилувга тегишли идентификация рақами берилади ва ишончли бошқарувчи томонидан инвестиция паи чиқарилади.

Инвестиция паини жойлаштириш шартнома тузиш ва уни пай фонди муассисининг депо ҳисобварағига ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Пай фонди ишончли бошқарувчиси томонидан бериладиган инвестиция пайлари сони чегараланмайди.

Инвестиция паига бўлган ҳуқуқ Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан пай фонди инвестиция паи эгасининг депо ҳисобварағидан бериладиган кўчирма билан тасдиқланади.

 

20-модда.  Инвестиция паининг муомаласи

Инвестиция паининг муомаласи пай фонди инвестиция паи эгаси томонидан уни бегоналаштирилаётганда тегишли битим тузиш йўли билан амалга оширилади.

Инвестиция паининг муомаласи пайтидаги олди-сотдиси фақат фонд биржасида амалга оширилади.

Ишончли бошқарув шартномаси билан инвестиция пайларини уларнинг эгалари талабига кўра ушбу ишончли бошқарувчининг ишончли бошқарувида бўлган бошқа пай фонди пайларига конвертация қилиш йўли алмаштириш назарда тутилиши мумкин. Бунда алмаштирилиши лозим бўлган инвестиция пайларининг сўндирилиш муддати алмаштирилаётган пайларнинг берилиш санасига мос келганда бир пай фондининг инвестиция пайлари бошқа пай фондининг инвестиция пайларига алмаштириши мумкин.

 

21-модда.  Инвестиция паини сўндириш

Инвестиция паини сўндириш пай фонди тугатилганда амалга оширилади. Инвестиция паини сўндириш:

ишончли бошқарувчи томонидан пай фонди маблағлари ҳисобидан унинг қийматини пул маблағлари билан тўлаш;

пай фонди тугатилганда, унинг негизида пайдо бўлган инвестиция фонди акцияларига инвестиция паини конвертация қилиш йўли билан амалга оширилиши мумкин.

 

22-модда.  Пай фондини тугатиш

Пай фондини тугатиш:

пай фондини ишончли бошқариш шартномасининг амал қилиш муддати тугаганда;

барча инвестиция пайларини сўндиришга буюртмалар келиб тушганда;

ишончли бошқарувчининг лицензияси бекор қилинганда, агар мазкур фондни ишончли бошқариш шартномаси бўйича унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари лицензия бекор қилинган кундан уч ой ичида бошқа ишончли бошқарувчига берилмаган бўлса;

пай фонди ҳужжатларида назарда тутилган фаолиятни ташкил этиш
ва амалга ошириш мақсадларига эришилган тақдирда амалга оширилади.

Пай фонди унинг ҳужжатларида белгиланган муддатдан олдин бир овоздан қабул қилинган инвестиция паи эгаларининг қарорига асосан ҳам тугатилиши мумкин.

Бундай ҳолатда, пай фонди инвестиция активлари ишончли бошқарувчи томонидан фонд биржасида (агар қимматли қоғоз бўлса) ва оммавий савдоларда реализация қилинади. Пай фонди инвестиция активларини реализация қилишдан келиб тушган маблағлар пай фонди инвестиция пайлари эгаларига тегишли бўлган инвестиция пайлари сонига мутаносиб равишда тўланиши керак.

Пай фонди негизида инвестиция фондини ташкил этиш тўғрисидаги пай фонди инвестиция паи эгаларининг умумий йиғилиш қарори пай фондини тугатиш тўғрисидаги қарор ҳисобланади.

Пай фонди тугатилганда мажбурий аудитдан ўтказилиши керак.

 

23-модда.  Пай фондининг инвестиция активлари бўйича ҳисоб
ва ҳисоботлар

Пай фондининг инвестиция активлари бўйича ҳисобни юритиш ҳамда молия, солиқ ва бошқа ҳисоботларни тузиш ишончли бошқарувчи томонидан қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланган тартибга асосан амалга оширилади.

Пай фонди ҳисобига ишончли бошқарувчи томонидан олинган улуш ёхуд қимматли қоғозлар эмитентнинг қимматли қоғозлари эгалари реестрида
ва масъулияти чекланган жамиятларнинг таъсис ҳужжатларида ишончли бошқарувчи кўрсатилиб, унга мазкур улуш ва қимматли қоғозлар пай фондини ишончли бошқариш ҳуқуқи асосида тегишлилиги тўғрисида ёзув киритилади.

 

4-боб.  Инвестиция ва пай фондлари фаолиятини тартибга солиш

 

24-модда.  Инвестиция ва пай фондлари фаолиятини тартибга солиш

Инвестиция ва пай фондлари фаолиятини тартибга солиш қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи билан биргаликда Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан амалга оширилади.

Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикасининг “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонуни билан белгиланади.

Инвестиция ва пай фондлари фаолиятини тартибга солиш:

ишончли бошқарувчига талаблар белгилаш;

ишончли бошқарувчининг мансабдор ва аффиланган шахсларини инвестиция ва пай фондларининг операцияларидаги иштирокини чеклаш;

инвестиция декларацияси ҳамда инвестиция ва пай фондларининг бошқа ҳужжатларига талаб белгилаш;

инвестиция ва пай фондлари, ишончли бошқарувчи ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси фаолиятини назорат қилиш;

инвестиция ва пай фондлари иштирокчиларининг ва инвесторларнинг молиявий саводхонлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Инвестиция пайларини бериш, сўндириш ва айирбошлаш бўйича тегишли шартнома, шунингдек унга берилган ишончнома асосида ишончли бошқарувчи номидан ва ҳисобидан фаолиятни агент бўлиб фақат Қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийси амалга ошириши мумкин. Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг инвестиция пайларини бериш, сўндириш ва айирбошлаш агенти сифатидаги фаолият тартиби, ҳуқуқи ва мажбуриятлари қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.

 

25-модда.  Инвестиция ва пай фондлари фаолияти тўғрисида ахборотларни ошкор этиш

Инвестиция ва пай фондлари фаолияти тўғрисида ахборотларни ошкор этиш ишончли бошқарувчи томонидан:

қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгиланган тартибга мувофиқ ошкор этилиши шарт бўлган ахборотларни инвестиция ва пай фондлари ва фонд биржаси расмий
веб-сайтларида эълон қилиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда инвестиция ва пай фондлари иштирокчилари ва ваколатли шахсларнинг сўровига мувофиқ ахборотларни тақдим этиш йўли билан амалга оширилади.

 

26-модда.  Инвестиция ва пай фондлари, шунингдек уларнинг иштирокчилари даромадларини солиққа тортиш

Инвестиция ва пай фондларига тегишли бўлган инвестиция активларидан олинган даромадлар, шу жумладан уларни сотишдан олинган даромадлар, шунингдек инвестиция ва пай фондлари томонидан ўзларининг иштирокчиларига тўланадиган дивиденд ва бошқа даромадлар солиққа тортилмайди.

 

5-боб.  Якунловчи қоидалар

 

27-модда.  Инвестиция ва пай фонди иштирокчиларининг жамоат бирлашмалари ва юридик шахслар бирлашмаларидаги иштироки

Ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонуний манфаатларини ифода этиш мақсадида инвестиция ва пай фонди иштирокчилари жамоат бирлашмалари ташкил этиши ҳамда унинг ва юридик шахслар бирлашмаларининг иштирокчилари бўлиши мумкин.

 

28-модда.  Инвестиция ва пай фондлари таваккалчилиги

Инвестиция ва пай фонди иштирокчилари ўзларига тегишли акциялар
ёки инвестиция пайлари миқдори доирасида фонд фаолияти билан боғлиқ таваккалчиликни ўз зиммаларига оладилар.

Инвестиция ва пай фондлари устав, ишончли бошқарув шартномаси, инвестиция декларацияси ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳужжатларда уларнинг фаолияти билан боғлиқ мавжуд таваккалчиликни кўрсатишга мажбур.

 

29-модда.  Низоларни ҳал этиш

Инвестиция ва пай фондлари фаолияти билан боғлиқ низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

 

30-модда.  Инвестиция ва пай фондлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Инвестиция ва пай фондлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

 

31-модда.  Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

 

32-модда.  Ушбу Қонунни кучга киритиш тартиби

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ушбу Қонуннинг 3-боби 2017 йил 1 июлдан кучга киради.

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти

kadrovik.uz

Курс валют

2024-04-24
  • USD:12705.00 (+0.00) сум
  • EUR:13543.53 (+0.00) сум
  • RUB:136.11 (+0.00) сум

Читайте в свежих номерах