Вазирлар Маҳкамасининг 16.07.2018 йилдаги «Ўз кучини йўқотаётган умуммажбурий идоравий ҳужжатларнинг ўрнига янги норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларни тайёрлаш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш тўғрисида»ги 538-сон қарори эълон қилинди.
Ҳужжатда қайд этилишича, Президентнинг 2018 йил 13 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–3666-сон қарорига мувофиқ 1993 йил 17 июнгача қабул қилинган ва Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтмаган умуммажбурий идоравий ҳужжатлар, шу жумладан собиқ СССРнинг идоравий ҳужжатлари 2019 йил 1 январдан ўз кучини йўқотади.
Шу муносабат билан Ўз кучини йўқотаётган умуммажбурий идоравий ҳужжатларнинг ўрнига янги норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларни тайёрлаш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарларига Режада кўрсатилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши учун шахсий жавобгарлик юкланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 16.07.2018 йилдан кучга кирди.