Президентнинг 5.07.2017 йилдаги ПФ-5106-сон “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони имзоланди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг расмий сайтида хабар берилади.
Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг 2017 йил 30 июнь куни бўлиб ўтган IV қурултойида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилди. 30 июнь санаси Ёшлар куни деб эълон қилинди.
Иттифоққа бир вақтнинг ўзида Президентнинг давлат маслаҳатчиси (Президент девонининг янгидан ташкил этилган Ёшлар сиёсати масалалари хизмати раҳбари) ва Президент томонидан тайинланадиган Олий Мажлис Сенатининг аъзоси бўлган раис раҳбарлик қилади.
2018 йилнинг 1 январидан бошлаб Иттифоқни молиялаштириш учун микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан тўланадиган ЯСТ учун ҳисобланган сумманинг 8%и йўналтирилади. Худди шу санадан бошлаб ўқишни тамомлаганига 3 йил бўлмаган битирувчилардан олинадиган ЖШДС миқдори ишнинг биринчи йили 50%га ҳамда иккинчи ва учинчи йиллари 25%га камаяди.
2017–2018 ўқув йилидан бошлаб мактаб, коллеж ва лицейларда “ёшлар етакчилари” фаолиятини бошлайди. Бунинг учун ҳар бир ўрта мактабда алоҳида штат бирлиги ажратилади, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларида эса “ёшлар етакчиси” вазифасини бажарганлиги учун олий маълумотли ўқитувчилардан бирига иш ҳақига нисбатан 50% устама тўланади.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан олий таълим муассасаларида талабаларнинг ўқиши учун контрактларни тўлаш тизими ҳам ўзгаради. Эндиликда 35%и ўзлаштириш кўрсаткичи 86% ва ундан юқори бўлган талабаларга тўланади. Илгари бунинг учун армияда муддатли ҳарбий хизматни ўташ талаб қилинарди.
Ҳужжат Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ёшлари ва ходимлари учун қатор имтиёзларни ўз ичига олади.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Самир Латипов.