2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури (бундан кейин – Давлат дастури) тасдиқланди. Президент Фармони ЎзАда эълон қилинган.
Умумий қиймати 16,9 трлн сўм ва 8,1 млрд АҚШ долларига тенг лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Дастур йўналиши |
Тадбирлардан кўзланган пировард мақсад |
Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш
|
парламентнинг муҳим қарорлар қабул қилиш ва қонунлар ижросини назорат этиш фаолиятини кучайтириш; ижро этувчи ҳокимият тизимини оптималлаштириш; маъмурий ислоҳотларни давом эттириш; давлат бошқарувида замонавий менежмент услубларини кенг қўллаш; давлат хизматларини ривожлантириш; давлат хизматига малакали мутахассисларни жалб этишга қаратилган ягона кадрлар сиёсатини шакллантириш; маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколат ва масъулиятини қайта кўриб чиқиш, уларнинг мустақиллигини ошириш. |
Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш |
суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигига эришиш; аҳоли тинчлиги, хавфсизлигини ва қонунийликни таъминлаш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича зарур чоралар кўриш; жиноят қонунчилигини такомиллаштириш ва либераллаштириш. |
Иқтисодиётни ривожлантириш ва инвестицияларни фаол жалб этиш
|
макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш; соғлом рақобат учун зарур шароитларни яратиш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш; иқтисодиётда давлат иштирокини жиддий равишда камайтириш; юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш; «хуфёна» иқтисодиётга қарши курашиш ва унинг улушини кескин қисқартириш; валюта сиёсатини эркинлаштиришни давом эттириш. |
Ижтимоий ривожланиш |
аҳоли ўртасида ишсизликни камайтириш; одамларнинг даромадларини ошириш; фан ва узлуксиз таълимни ривожлантириш; тиббий хизматлар сифатини яхшилаш ва улар билан аҳолини қамраб олишни кенгайтириш; хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш; одамларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, уларни муносиб турар жой билан таъминлаш ва фаровонлигини ошириш; жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш; жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш; туризмни ривожлантириш. |
Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ташқи сиёсат
|
мамлакатимиз мудофаа қудратини ошириш; Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг салоҳиятини мустаҳкамлаш; миллий мудофаа саноати комплексини шакллантириш; экологик хавфсизликни таъминлаш, сув ва бошқа табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш; очиқлик, ўзаро тенг ва манфаатли ҳамкорлик тамойилларига асосланган ташқи сиёсий фаолият самарадорлигини янада ошириш. |
Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси мансабдор шахслари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, хориждаги дипломатик ваколатхоналар мамлакат ҳудудларига бириктирилди. Улар хорижий инвестицияларни жалб этиш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, мамлакатимиз ҳудудларининг ижтимоий ривожланиш даражасини ошириш соҳасидаги тадбирларнинг самарали ва ўз вақтида ижро этилишини таъминлаш учун шахсан масъул ҳисобланади.
Олий Мажлис палаталари томонидан ҳар чоракда Давлат дастури ижросининг бориши тўғрисида ҳисоботлар эшитилади, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритилади, тадбирлар сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш учун зарур чоралар кўрилади.
Ҳар ойда Бош вазирнинг вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари, хориждаги дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари билан биргаликда шахсан учрашувлар ўтказиш амалиёти жорий этилади. Уларда инвестиция лойиҳалари амалга оширилишининг бориши муҳокама қилинади, уларни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган муаммоларни тезкор ва самарали ҳал этиш таъминланади.
Президент ҳузуридаги Эксперт кенгаши ташкил этилади, унинг таркибига муваффақиятга эришган тадбиркорлар, атоқли давлат ва жамоат арбоблари, олимлар, жумладан, хорижий давлатлар фуқаролари ва хориждаги ватандошлар киритилади. Кенгашнинг вазифаси – мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни маслаҳат ва экспертлик жиҳатидан таъминлашни амалга ошириш. Шунингдек, у жамият ва давлат ҳаётини ислоҳ қилиш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг долзарб масалалари, жумладан, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиши кутилмоқда.
Олег Гаевой.