Президентнинг 26.09.2017 йилдаги “Олий таълим муассасаларига кириш учун номзодларни мақсадли тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори имзоланди. Ҳужжат матни ЎзА сайтида жойлаштирилган.
Ўқув-методик ва моддий-техника базаси замонавий талабларга жавоб бермайдиган, олий таълим муассасаларидан узоқда жойлашган, таълим сифати ва битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари паст бўлган академик лицейларнинг рўйхати тасдиқланди. Ушбу лицейлар 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ўқувчиларни қабул қилишни тўхтатади, 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб эса фаолиятини тугатади. 2 ва 3-босқич ўқувчилари таълимни амалдаги ўқув дастурлари бўйича якунлайдилар ва уларга давлат намунасидаги диплом берилади.
Юқори илмий ва педагогик салоҳиятга, етарли моддий-техника базага эга бўлган академик лицейлар эса олий таълим муассасалари тасарруфига берилади. Лицей битирувчиларининг олий таълим муассасасига кириш кўрсаткичлари паст бўлган тақдирда ректор, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари билан ишлаш бўйича проректор, шунингдек масъул ходимлар ойлик маошларидан жарима кўринишида интизомий жавобгарликка тортилади.
2017/2018 ўқув йилидан бошлаб академик лицейларда ўқиш муддати 2 йилни ташкил этади ва уларга ўқув-методик жиҳатдан раҳбарлик қилиш Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан амалга оширилади. Узоқ жойлашган лицейлар ўқувчилари ётоқхона ҳамда имтиёзли озиқ-овқат билан таъминланадилар (ота-оналар ЭКИҲнинг 1 баравари миқдорида ҳақ тўлайди).
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Самир Латипов.