Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июндаги 525-сон қарорида назарда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, «Ангрен» ЭИЗ 2012 йилда Ангрен, Оҳангарон шаҳарлари ва улар ўртасидаги участкада жойлашган ҳудудда ташкил этилган. Ҳукумат зарур ҳолларда унинг таркибига кирувчи ҳудуд ва чегараларни ўзгартиришга ҳақли.
Эркин иқтисодий зона ҳудуди Тошкент вилояти Бекобод шаҳрининг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини қўшиш ҳисобига кенгайтирилади. Бирлаштирилаётган ҳудуднинг бош режаси 2 ой муддатда ишлаб чиқилади.
Шунингдек Тошкент вилояти ҳокимлиги «Ангрен» ЭИЗда амалга ошириш учун умумий қиймати 24,5 млн АҚШ долларилик истиқболли инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқди. Тошкент вилоятидаги эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари Маъмурий кенгаши лойиҳаларни бирлаштирилаётган ҳудудда жойлаштириш юзасидан ҳужжатларни кўриб чиқади.
Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги истиқболли лойиҳаларнинг бизнес-режалари тезкор тартибда экспертизадан ўтказилишини ва ТИАни таъминлайди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 26.06.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.