Вазирлар Маҳкамасининг 28.09.2022 йилдаги “Аудиторлик ташкилотининг иши сифатини ташқи назоратдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 538-сон қарори имзоланди.
Низомга мувофиқ:
- ташқи назорат молия вазирининг буйруғи асосида Молия вазирлиги томонидн 10 кундан кўп бўлмаган муддатда ўтказилади;
- ташқи назоратни амалга оширишда аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари вакиллари жалб қилинади;
- ташқи назорат охирги икки молиявий ҳисобот даврида мажбурий аудиторлик текширувини ўтказган аудиторлик ташкилотларига нисбатан ўтказилади;
- тижорат банкларини мажбурий аудиторлик текширувдан ўтказган аудиторлик ташкилотлари Марказий банк билан биргаликда ташқи назоратдан ўтказилади;
- ташқи назорат объекти аудиторлик ташкилотининг аудиторлик хизмати кўрсатишдаги фаолияти ҳисобланади, шу билан бирга ташкилотнинг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди;
- аудиторлик ташкилоти томонидан керакли маълумотларни тақдим этмаслик уни аудиторлик ташкилотлари реестридан чиқаришга асос бўлади;
Маълумот учун: аудиторлик ташкилоти Аудиторлик ташкилотларининг реестридан чиқарилган тақдирда, аудиторлик фаолиятини амалга оширишга ва фирма номида «аудиторлик ташкилоти» деган сўз бирикмасидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
- ташқи назорат ўтказилганда текширувчилар “текширишларни рўйхатга олиш” китобини тўлдиришлари лозим;
- текшириш натижаси бўйича аудиторлик ташкилотига 30 кун муддат ичида камчиликларни тўғирлаш ҳақида хабарнома берилади;
- аудиторлик фаолиятидан бошқа фаолият билан шуғулланганлик, аудиторлик текширувида ўрнатилган чекловларга риоя этмаганлик ва сохта аудиторлик хулосалари тақдим этилганлиги аниқланганда Молия вазирлиги судга мурожаат этишга ҳақли;
- ташқи назорат натижалари ва кўрилган чоралар Молия вазирлиги сайтида эълон қилинади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 29.09.2022 йилда кучга кирди.
Собир Нурбердиев.