Вазирлар Маҳкамасининг 30.07.2019 йилдаги 636-сон қарори билан автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялашнинг янгиланган тартиби тасдиқланди.
Ушбу давлат хизматини кўрсатишнинг Маъмурий регламенти илгари амалда бўлган Низомни алмаштирди. Ҳужжат йўловчиларни ва юкларни ташишнинг соддалаштирилган тартибини (шарҳга қаранг) назарда тутадиган Президентнинг 6.03.2019 йилдаги ПҚ-4230-сон қарори ижроси юзасидан қабул қилинди. Хусусан, 1 июлдан бошлаб бир қатор лицензия талаблари бекор қилинди, бу тасдиқланган регламентда ўз аксини топган.
Янги тартибга биноан юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар лицензияни фақат давлат хизматлари марказлари (ДХМ) ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали оладилар.
Транспорт вазирлиги (халқаро ташиш бўйича) ва унинг ҳудудий бўлинмалари (шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ташиш бўйича) лицензияловчи органлар ҳисобланади.
Лицензия олиш учун тақдим этиладиган маълумотлар рўйхати лицензиатда мавжуд автотранспорт воситалари ва уларнинг корхонага мулк ҳуқуқи, бошқа ашёвий ҳуқуқлар ёки ижара асосида тегишлилиги тўғрисидаги маълумотлар билан тўлдирилди. Талабгор томонидан тасдиқланган шаклдаги маълумотлар бланкаси ёки сўровнома тўлдирилади.
Аризани кўриб чиқиш учун йиғим миқдори ўзгармади – 1 ЭКИҲ. Хизмат ЯИДХП орқали олинганда йиғим миқдорининг 90%и тўланади.
Аризани кўриб чиқиш муддатлари эса сезиларли равишда қисқарди. Энди ваколатли орган томонидан лицензия (лицензия варақалари) бериш (беришни рад этиш) тўғрисида қарор қабул қилиш ариза олинган пайтдан бошлаб кўпи билан 1 иш кунини талаб этиши керак (илгари бунга 5 кун берилган). Талабгор қабул қилинган қарор ҳақида 1 соат ичида хабардор қилинади. Лицензия берилганлиги учун давлат божини тўлашга, илгаригидек, 3 ой берилади. Лицензиялар давлат божи тўланган кундан эътиборан 1 иш куни мобайнида уларга QR-код қўйилган ҳолда расмийлаштирилади.
Регламентда ёзилган яна битта аниқлаштириш. Автобусда ёки микроавтобусда йўловчиларни халқаро йўналишлар бўйича ташиш учун лицензия варақалари мавжуд бўлган тақдирда маҳаллий ва хорижий фуқароларни шаҳарда ва шаҳар атрофида туристик-экскурсия қилиш йўналишларида (номунтазам йўналишларда) йўловчи ташишни амалга ошириш учун қўшимча лицензия варақаси олиш зарур эмас.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 31.07.2019 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова.